15:13 | 27.10.22

                       

Украиналик журналист Ўзбекистонда Россия армияси учун эрон дронлари йиғилаётганини айтди. Алишер Қодиров унинг гапларига муносабат билдирди

Депутат Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирликларини бу ҳолатга қараб турмасликка чақирди

«Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров ўзининг Telegram’даги канали орқали украиналик журналист Дмитрий Гордоннинг Ўзбекистон ҳақидаги гапларига муносабат билдирди.

Фото: «Bugun.uz»

Украиналик журналист Ўзбекистон ҳудудида Россия армияси учун Эрон дронлари йиғилаётганини айтиб, бизнесмен Леонид Невзлиндан Исроил Ўзбекистонга зарба бериши мумкинми дея сўраган.

«Бу асоссиз ва масъулиятсиз эълонни эътиборсиз қолдирмаслик керак. Ўзбекистон рус агрессиясини ҳеч қандай шаклда қўллаб-қувватламаслигини, музокаралар ва ҳудудий яхлитликни қўллаб-қувватлайдиган бетараф позициясини фуқароларимиз ҳам бутун дунё ҳам жуда яхши тушуниб бўлди», — деб ёзади депутат.

Алишер Қодиров, шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирликлари бу туҳматни расман рад этиши ва Гордонни узр сўрашга мажбур қилиши кераклигини таъкидлаган.

Аввалроқ Мусулмонлар идораси Россиядаги Ўзбекистон фуқароларини Украинадаги «ҳарбий операцияда» қатнашмасликка чақиргани, Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси Украина ТИВга расмий нота юборгани, Курскдаги ўзбекистонлик талабалар Украинадаги можаро фонида Мирзиёевга мурожаат қилгани тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон собиқ ташқи ишлар вазири Комилов Сенатнинг 17 март кунги ялпи мажлисида Украина ва Россия ўртасидаги урушда мамлакатнинг Донецк ҳамда Луганскни республика сифатида тан олмаслигини маълум қилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: