16:13 | 29.10.22

                       

Ўзбекистондаги шифохоналарга талабаларни ишга олишга рухсат берилади

ССВ ҳудудларда ҳокимликлар бирга шифокорларга бўлган эҳтиёжларни аниқлайди

Ўзбекистонда 1 ноябрдан шифохоналардаги вакант лавозимларга талабаларни ишга жойлаштиришга рухсат берилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат тиббиёт муассасаларини кадрлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳокимликлар билан биргаликда шифокорларга бўлган эҳтиёжни аниқлаган ҳолда барча ҳудудларда мавжуд вакант лавозимларга талабалар, магистр ва клиник ординаторларни ишга жойлаштириш чораларини кўради.

Ҳудудий тиббиёт муассасаларидаги шифокорларга бўлган эҳтиёж аниқланиб, у ерга талабаларни жойлаштириш биринчи босқичда 2022 йил 1 октябрдан бошлаб Сурхондарё вилоятида, иккинчи босқичда эса 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб республиканинг қолган ҳудудларида бошланади.

Тиббий йўналишда бакалавриат босқичини битирувчи талабаларга тиббиёт муассасаларининг тажрибали шифокорлари ва тиббий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини бириктирилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда барча давлат ташкилотларида талабаларнинг ишлашига рухсат берилиши маълум қилинганди. Мартда олийгоҳлар атрофидаги мактаб ва боғчаларда 13 минг вакант иш ўрни мавжудлиги айтилган. Камида 10 минг нафар талабани улар учун жойлашуви қулай бўлган мактаб ва боғчаларга ишга жойлаштириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: