12:54 | 27.11.22

                       

Ўзбекистонда кирилл ёки лотин алифбосига тўлиқ ўтишга нима халақит бермоқда?

Bugun.uz бу бўйича блогер Шаҳноза Соатова билан суҳбатлашди

Блогер Шаҳноза Соатова Bugun.uz’га берган интервьюсида Ўзбекистонда давлат органлари ва ташкилотларида иш юритиш лотин ёзувига ўтгани билан биз лотин алифбосига тўлиқ ўтдик, деб бўлмаслиги ҳақида гапирди.

Маълумот учун, Ҳукумат қарори билан 2023 йил 1 январдан давлат органлари ва ташкилотларида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритишга тўлиқ ўтиши керак.

«Статистикага кўра, ҳозирда 60 фоизга яқин идора ва ташкилотлар лотин алифбосида иш юритишга ўтди. Иш юритиш — ҳаётимизнинг тўлиқ жабҳасини қамраб олади, дегани эмас. Давлат органлари ва ташкилотлари бунга ўтгани билан биз лотин алифбосига тўлиқ ўтдик деб бўлмайди. Чунки бизда пешлавҳа, адабиёт, манбалар, даврий матбуот каби масалалар ҳам бор. Жаҳон тажрибаси, хусусан, Озарбайжонни олиб қарайдиган бўлсак, мамлакатда бу йўлдан муваффақиятли ўтилди. Бунинг учун уларга етти йил керак бўлди», — деди блогер.

Шаҳноза Соатованинг қайд этишича, бизда эса аҳд қилинади, нимадир халақит қилиб, якунда тўхтаб қолади.

«Агар аҳдимиздан тўхтамасак, ижобий натижаларга эришиш мумкин. Ўтмадик, деб кўп гапиряпмиз, лекин амалда анча-мунча силжиш бор. Тўғри, бу одамларнинг кўз ўнгида ҳали кўринадиган даражада эмас. Лекин менинг ягона ҳадигим, бу жараён тўхтаб қолиши керак эмас», — дея қўшимча қилди блогер.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: