11:04 | 29.11.22

                       

«Нукус воқеалари» бўйича айбланаётган олимпия захиралари коллежи директори кўрсатма берди

У оммавий тартибсизликларда спортчиларнинг иштирок этишини таъминлаган

«Нукус воқеалари» бўйича суднинг иккинчи кунида айбланувчи Нукус олимпия захиралари коллежи директори Азамат Турданов кўрсатма бермоқда.

Қайд этилишича, у 1-2 июль кунлари Нукус шаҳридаги оммавий тартибсизликларда спортчиларнинг иштирок этишини таъминлаган ва Даулетмурат Тажимуратовни елкасига ўтқазиб, Жўқорғи Кенгесни эгаллаш мақсадида олиб борган.

Судланувчи бу ишни ўзи хоҳлаб амалга оширгани, уни ҳеч ким мажбурламагани ҳақида гапирди.

Азамат Турданов, шунингдек, Даулетмурат Тажимуратовга қарши кўрсатма берган. У Тажимуратовни «фирибгар» ва «жиноятчи» деб атаган.

Маълумот учун, Азамат Турданов (1984 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати – қорақалпоқ, Нукус олимпия захиралари коллежи директори) Жиноят кодексининг 28,104-моддаси 3-қисми «а» банди, 159-моддаси 4-қисми ва 244-моддаси 3-қисми билан айбланмоқда.

Аввалроқ айбланувчилар орасида Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бошқармаси бўлими бошлиғи Полат Шамшетов ҳам борлиги тўғрисида хабар берилганди. У Жиноят кодексининг 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: