18:07 | 20.01.23

                       

Францияда пенсия ёшини оширишга қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда — фото

Францияда пенсия ёшини 62 дан 64 ёшга кўтариш режаларига қарши намойишларда бир куннинг ўзида 1,12 миллион аҳоли қатнашди. Парижнинг ўзида намойишчилар сони 400 мингдан ошган. Шунингдек, мамлакат бўйлаб иш ташлаш ҳолатлари кузатилган

Францияда пенсия ёшини 62 дан 64 ёшга кўтариш режаларига қарши намойишларда бир куннинг ўзида 1,12 миллион аҳоли қатнашди. Бу ҳақда BBC нашри хабар берди.

Фото: BBC

Қайд этилишича, Францияда Эммануэль Макрон таклиф қилаётган пенсия ислоҳотига кўра пенсия ёшини кўтаришга қарши намойишлар бўлиб ўтди. Шунингдек, мамлакат бўйлаб давлат сектори ходимлари, нефтни қайта ишлаш заводи ходимлари, ўқитувчилар ва шу каби яна кўплаб намойишчилар шу куни оммавий иш ташлаш эълон қилди. Намойишларда қатнашган 38 киши полиция томонидан ҳибсга олинган. Бундан ташқари, йирик CGT касаба уюшмаси раҳбари Филипп Мартинеснинг айтишича, намойишчиларнинг умумий сони икки миллиондан ошган бўлиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, Париждаги намойишларда 400 минг киши қатнашган.

Фото: BBC

Иш ташлашлар жамоат транспортига ҳам жиддий равишда таъсир қилди, шу билан бирга, кўплаб мактаблар ёпилди. Франция бўйлаб Нант, Лион, Бордо, Марсель ва Тулуза шаҳарларида норозилик намойишларига поезд машинистларидан тортиб давлат сектори ходимлари ва нефтни қайта ишлаш заводлари ходимларигача чиқди. Мамлакатнинг 65 фоиз ўқитувчилари эса иш ташлашда ва намойишларда фаол қатнашди.

Фото: BBC

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Францияда футбол ишқибозлари ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берганди, Хитойда эса коронавирус чекловларига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Шунингдек, Остонада 26 ноябрь куни Тўқаевнинг инаугурациясига қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Оқибатда шаҳар кўчаларида намойишчилар оммавий ҳибсга олинди.

Эронда Махса Аминининг ҳижоб туфайли полиция томонидан ҳибсга олинганидан кейин вафот этганди. Шу сабаб юзага келган тартибсизликларда қурбонлар сони 40 нафардан ошди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: