20:51 | 02.02.24
«Ўзгидромет» ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрдан қанчага юқори бўлганини маълум қилди.
2024 йил январь ойи Ўзбекистонда энг илиқ январь ойлари сафини тўлдирди, деб хабар бермоқда «Ўзгидромет».
Ушбу йилнинг январь ойи жуда илиқ бўлди. Иқлим меъёридан юқори бўлган ҳарорат деярли ой давомида сақланиб турди.
Фақат қисқа муддатга ҳавонинг кескин совуқ бўлиши икки марта (ойнинг ўртасида ва охирги беш кунлигида) кузатилди, бунда ҳаво ҳарорати меъёр атрофида ёки ундан бироз паст қийматларгача пасайди.
Ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрдан +3…+4 даражага, шимолда +1…+2 даражага юқори бўлди. Ҳудуднинг катта қисмида (республиканинг шимолидан ташқари) 2024 йил январь ойи метеорологик кузатувлар тарихидаги энг илиқ январь ойлари учлигига кирди.
Энг илиқ январь ойлари рейтингида юқори ўринга эга бўлишига қарамай, бу ойда экстремал юқори ҳароратлар қайд этилмади. Энг илиқ кунларда ҳаво +15…+18 илиққача, жанубда +19…+22 даража илиққача, шимолда +10…+12 даража илиққача исиди. Январь ойидаги энг юқори ҳарорат +20…+25 даража илиққача, жанубда +24…+27 даража илиққача, шимолда +13…+16 даража илиққача бўлган қийматлари 2002, 2007 ва 2021 йилларда кузатилди.
2024 йил январь ойини 2023 йил январь ойи билан таққослаш жуда қизиқарли бўлди. 2023 йил январь ойида ойнинг иккинчи ўн кунлигида совуқ арктика ҳавосининг кириб келиши ҳисобига ҳаво ҳарорати кечалари -17…-22 даража совуққача, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Самарқанд, Сирдарё, Жиззах ва Андижон вилоятларида баъзи жойларда -25…-29 даража совуққача пасайди.
2024 йилнинг ўтган январь ойида ҳудуднинг катта қисмида, ҳатто энг совуқ кечаларда ҳам, ҳарорат фақат -2…-4 даража совуққача, баъзи жойларда -5…-6 даража совуққача (меъёрга яқин ёки ундан бироз паст) пасайди. Фақат республиканинг шимолий ҳудудларида қисқа муддатли совуқларнинг энг юқори чўққисида ҳаво ҳарорати кечалари меъёрдан -5…-8 даражага паст бўлиб, -11…-16 даража совуқни ташкил этди.
Ҳарорат тартиби бўйича 2023 йил январь ойимеъёрдан -4…-7 даражага совуқроқ бўлди. 2024 йил январь ойи 2023 йил январь ойига нисбатан илиқ бўлди (+7…+11 даражага). Январь ойида республика ҳудудида ёғингарчилик жуда нотекис бўлди. Меъёрга нисбатан энг кам ёғингарчилик Фарғона водийси вилоятларида (меъёрдан 50 фоиздан кам), Хоразм ва Бухоро вилоятларида эса (меъёрдан 200 фоиздан кўп) энг кўп бўлди.
Республиканинг текислик ҳудудларида ёғингарчилик аралаш кўринишда кузатилди, аммо барқарор қор қоплами шаклланмади. Қорнинг баландлиги 5-7 сантиметрдан кўп бўлмади, қор қопламининг давомийлиги бир кундан уч кунгача кузатилди. Республиканинг жануби ва Фарғона водийсининг текислик ҳудудларида умуман қор қоплами ҳосил бўлмади.
Қор қопламининг энг узоқ давомийлиги Қорақалпоғистон Республикаси шимолида, Хоразм вилоятининг баъзи жойларида ва Навоий вилояти чўл ҳудудларида 15-20 кун кузатилди. Бунда қорнинг баландлиги 10-12 сантиметрга етди. Тоғли ҳудудларда қор қоплами ой давомида сақланиб турди. Тошкент, Қашқадарё ва Наманган вилоятлари тоғларида ой охирига қор баландлиги 40-80 сантиметрни, баланд тоғларда 100-120 сантиметрни ташкил этди. Бу кўрсаткичлар ўртача кўп йиллик ва ўтган йилги қийматларга мос бўлди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: