13:28 | 26.04.24

                       

Бош прокурор қидирувдагилар билан гаплашиб тургани ҳақидаги видео юзасидан расмий баёнот берилди

Бош прокурор қидирувдагилар билан гаплашиб тургани ҳақидаги видео юзасидан расмий баёнот берилди. Бош прокуратура видеодаги шахс қидирувдаги Абдували Абдуллаев эмас Азим Жўрабоев бўлганини маълум қилди.

Интернетда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев қидирувда бўлган Шерали ва Абдували Абдуллаевлар билан гаплашиб тургани ҳақидаги видеоёзув чиқарилган. Бош прокуратура ахборот хизмати ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

Маълум қилинишича, 2024 йилнинг 2-4 январь кунлари Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев меҳнат таътили даврида саломатлигини тиклаш мақсадида ўз ҳисобидан Туркияга бориб, «Medipol Mega» тиббиёт клиникасида даволаниш муолажаларидан ўтган. Туркияда унга аввалдан таниши бўлган Азим Жўрабоев ҳамроҳлик қилган.

Бош прокурор Азим Жўрабоев билан клиникада гаплашиб турган вақтида, уларнинг олдига асли фамилияси Собиржанов (хабарда Шерали Абдуллаев деб кўрсатилган) бўлган Шерали исмли шахс келиб, ўзини таништирган. Шу вақтда улар клиникага келиши сабаблари ҳақида суҳбатлашган. Шерали Собиржанов клиникага ўзининг фарзандини даволанишга олиб келганлигини айтиб, Бош прокурорни таниб қолгани учун улар билан ҳамсуҳбат бўлишга ёнларига келганини тушунтирган. Шундай қилиб, видеода Бош прокурор ёнида турган икки шахснинг бири Шерали Собиржанов бўлса, иккинчиси Абдували Абдуллаев эмас, балки Азим Жўрабоев бўлган.

Маълумот учун, Абдували Абдуллаев томонидан 2018 йил 10 май куни «Baxmal Juice Master» МЧЖга банкдан 1,1 млн АҚШ доллар кредит олиниб, кредит қарздорлигининг 633 минг АҚШ доллари қасддан қопланмаганлиги оқибатида, гаровдаги «O’zengilulgurjisavdo» МЧЖга тегишли мулк (маъмурий бино) банк тасарруфига ўтиб кетганлиги боис, жамият манфаатига катта миқдорда зарар етказилган.

«O’zengilulgurjisavdo» МЧЖ таъсисчиларининг аризасига асосан 2021 йил 25 январь куни А.Абдуллаевга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши доирасида айбланувчи А.Абдуллаевга жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан айб эълон қилиниб, суднинг ажрими билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари айбланувчи қаерда эканлиги номаълум бўлганлиги сабабли вақтинча тўхтатилган.

Таъкидланишича, жиноят иши доирасида Абдували Абдуллаевнинг ўғли – Раҳматилла Абдуллаев ҳам айбланувчи сифатида жалб қилинган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик), 233 (Банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этиш), 184- (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) моддалари билан айблов хулосаси тузилган.  2022 йилнинг 13 июндаги Яккасарой туман судининг ҳукмига кўра, Р.Абдуллаев Жиноят кодексининг 184-моддаси билан айбли деб топилган ва унга жарима жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 233-моддалари билан эса айбсиз деб топилиб, реабилитация қилинган.

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 сентябрдаги ажрими билан юқоридаги суд ҳукми ўзгаришсиз, Яккасарой туман прокурорининг апелляция протести ва шикоятлар қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2023 йил 28 февралдаги ажрими билан апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 сентябрдаги ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгитдан апелляция инстанцияси судида кўриб чиқиш учун юборилган (иш Тошкент шаҳар прокурорининг протести ва фуқаровий даъвогарнинг шикояти асосида кўрилган).

Тошкент вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 26.06.2023 йилдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳукми бекор қилиниб, Р.Абдуллаев Жиноят кодекснинг 168 (Фирибгарлик) ва 184- (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) моддалари билан айбли деб топилиб, 4 йил 6 ой озодликни чеклаш ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг ажрими билан апелляция инстанциясининг 26.06.2023 йилдаги ҳукми бекор қилиниб, жиноят иши янгитдан апелляция инстанцияси судида кўриб чиқиш учун юборилган.

Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 24.04.2024 йилдаги ажримига кўра, Яккасарой туман судининг 13.06.2022 йилда дастлаб чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз, Яккасарой туман прокурорининг Р.Абдуллаевни Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а» банди, 233-моддаси 1-қисми ва 184-моддаси (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 3-қисми билан айбли деб топиб, жазо тайинлаш ҳақидаги прокурор протести ва жабрланувчиларнинг шикоятлари рад қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: