14:33 | 17.07.24

                       

Қурилиши бошланмаган 824 млрд сўмлик лойиҳалар борлиги аниқланди

Қурилиши бошланмаган 824 млрд сўмлик лойиҳалар борлиги аниқланди. Яна 1 минг 896 та лойиҳага 20,5 трлн сўм маблағ ажратилди.

Мирзиёев раислигида биринчи ярим йиллик таҳлили ва йил якунига қадар устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланганлиги хабар берилганди.

Видеоселектор давомида, янги қурилиш лойиҳаларида тадбиркорлар электр ва газ таъминотига уланиши учун техник шартлар олиш тизимини рақамлаштириш вазифаси белгиланди.

Бунда тармоққа уланиш нуқтасини инсон омилисиз автоматлашган тарзда танлаш тизими жорий қилинади. Шунингдек, бу йилги инвестиция дастурига 1 минг 896 та лойиҳага 20,5 трлн сўм ажратилди. Лекин, йилнинг ярми ўтган бўлса-да, 824 миллиард сўмлик 88 та лойиҳада қурилиш ишлари бошланмагани кўрсатиб ўтилди ва мутасаддиларга оқсоқликни бартараф этиш юзасидан топшириқ берилди.

Айниқса, 147 та шифохонани тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, 80 та поликлиника, 67 та шифохона, 618 та мактаб ва 176 та боғчада қурилиш ишларини белгиланган муддатда якунига етказиш шартлиги ҳақида масъуллар қатъий огоҳлантирилди.

Бундан ташқари, йил якунига қадар 2 трлн сўмлик ишларни бажариб, 570 минг гектарда сув таъминотини яхшилаш ва бетон қопламали каналлар улушини 39 фоизга етказиш, 13 минг километр йўл, 195 та кўприкни фойдаланишга топшириш зарурлиги қайд этилди.

Жорий йилда 2 минг 152 та кўп қаватли уй-жой барпо қилиб, 100 мингдан зиёд хонадонни фойдаланишга топшириш режа қилинган. Бунинг учун 9 мингта хонадонли 195 та уй-жой қурилишини тезроқ бошлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

«Ичимлик суви инфратузилмасини яхшилашга ажратилаётган маблағларнинг самарасини аҳолимиз кундалик ҳаётида ҳис қилиши шарт», — деб таъкидлади Президент.

Жумладан, ҳудудларда 2 минг километр тармоқ, 99 та сув иншооти ва 1 та оқова сув насос станциясини ишга тушириш режалаштирилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: