12:52 | 04.08.22
Ратификацияни ёқлаб 100 нафар сенаторнинг 95 нафари овоз берган
АҚШ Сенати Швеция ва Финляндиянинг NATO’га қўшилишини маъқуллади, деб хабар беради Медуза.
Ратификация учун камида 67 та овоз талаб этилган бўлса, 100 нафар сенаторнинг 95 нафари уни маъқуллаган, фақат бир нафар сенатор қарши овоз берган.
АҚШ томонидан расмий ратификация жараёни президент Жо Байден тегишли ҳужжатларни имзолаганидан сўнг якунланади. Байден Сенатдаги мазкур овоз бериш жараёнларини олқишлаб, уни «тарихий» деб таърифлаган.
Финляндия ва Швеция Россиянинг Украинага босқинидан кейин NATO’га қўшилиш бўйича ариза берганди. Иккала давлат альянснинг барча аъзолари маъқуллаганидан кейингина NATO аъзосига айлана олади. Бу борадаги тегишли ҳужжатларни ҳозирда 30 та давлатнинг 22 таси ратификация қилган.
Даставвал Финляндия ва Швециянинг NATO’га қўшилишига Туркия қарши чиққанди. У ушбу давлатларни курд сепаратчиларини қўллаб-қувватлашда айблаган. Охир-оқибат томонлар келишувга эришган ва Анқара ўз эътирозларини олиб ташлаган.
Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин бу икки давлатнинг альянсга аъзолиги хавф туғдирмаслиги, бироқ NATO базаларининг у ерда жойлаштирилиши қаттиқ қаршиликка дуч келишини айтганди. Финляндияда шаҳар мери эса мамлакатда хавфсизлик учун NATO базасини қуришни таклиф қилган. Россия давлат Думаси спикери бунга жавобан базалар аҳоли учун хавф туғдириши, чунки нишон душман объектларига қаратилишини айтганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: