23:19 | 31.03.21

                       

Хитой ҳукумати пенсия ёшини оширишга қарор қилди. Мамлакат аҳолиси жадал кексаймоқда

2050 йилга бориб мамлакатнинг 35 фоиз аҳолиси 60 ёшдан катталардан иборат бўлиши тахмин қилинмоқда

Хитойда туғилиш суръатининг пасайиши ва умр давомийлигининг ўсиши кузатилмоқда. Экспертларнинг фикрича, пенсия ёши оширилмаса, мамлакатда иқтисодий ўсиш секинлашади ва ишчи кучи етишмаслиги бошланади.

Фото: «Bugun.uz»

«Хитой ҳукумати пенсия ёшини босқичма-босқич равишда ошириш режаси устида ишламоқда», — деб хабар берди меҳнат ресурслари ва ижтимоий таъминот вазирининг ўринбосари Ю Цзюнь.

Хитой ҳукумати аниқ рақамларни келтиргани йўқ. Ҳозирда Хитойда эркаклар меҳнат фаолиятини 60 ёшда якунлайди. Хизмат кўрсатиш соҳасида ишлайдиган аёллар пенсияга 55 ёшда, жисмоний меҳнат билан шуғулланадиган аёллар эса 50 ёшда пенсияга чиқиши мумкин.

Расмий талқинга кўра, пенсия ислоҳоти «кекса ёшдаги одамларнинг меҳнат потенциалини юзага чиқариш ва ижтимоий таъминот системасининг барқарорлигини ошириш» мақсадида амалга оширилади.

Хитойда пенсияга чиқиш борасидаги ёш чегаралари 1950 йилларда белгиланган бўлиб, ўшандан буён ўзгартирилмаган. Бу вақт ичида эса мамлакатда ўртача умр давомийлиги узайган: 1949 йилда ўртача умр давомийлиги Хитойда 40 ёш бўлган; 2019 йилда эса бу кўрсаткич 77,3 ёшни ташкил қилган.

Демографларнинг қайд қилишича, туғилиш суръатининг пасайиши ва ўртача умр давомийлигининг ўсиши эвазига Хитой аҳолининг жадал кексайиши масаласи билан тўқнаш келган. 2050 йилга бориб мамлакатнинг 35 фоиз аҳолиси 60 ёшдан катталардан иборат бўлади. Бу эса Хитойга ишчи кучи етишмаслиги ва иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайиши хавфини солмоқда.

Хитойнинг пенсия системаси

ХХ аср ўрталаригача Хитойда пенсия системаси умуман мавжуд бўлмаган, кекса ота-оналарини фарзандлари таъминлашлари лозим эди. Хитойда кексалик нафақасини даставвал давлат ташкилотларида камида 15 йилдан кўпроқ ишлаганлар ола бошлаган. Бошқа кишиларга эса ҳеч қандай тўловлар кўзда тутилмаганди. Фақат ХХI аср бошига келибгина қишлоқ хўжалигида ишлаган кишиларга ва компаниялар ходимларига ҳам нафақа тайинлашни бошлашган.

Бошқа мамлакатларнинг пенсия системаси

Россияда 2019 йилдан бери пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш жараёни кетяпти, 2019 йил бошига келиб нафақага чиқиш ёши аёллар учун 56,5 ёш, эркаклар учун 61,5 ёш деб белгиланган. 2028 йилга бориб Россия фуқаролари меҳнат фаолиятларини мос равишда 60 ва 65 ёшда якунлашлари керак бўлади. Фуқаролар бундан-да кўпроқ ишлайдиган мамлакатлар ҳам бор:

  • Японияда жинсидан қатъи назар пенсияга 70 ёшда чиқилади;
  •  Германия ва Норвегияда 67 ёшда;
  • Данияда туғилган йилига қараб 65 ёки 67 ёшда пенсияга чиқиш мумкин. Мамлакатда пенсия ёшини ошириш борасида ислоҳот кетяпти;
  • Испанияда эркаклар учун меҳнат фаолиятини якунлаш ёши 67 ёш, аёллар учун 65 ёш;
  • АҚШ, Канада, Швеция ва Швейтсарияда, фуқаролар жинсидан қатъи назар, меҳнат фаолиятини 65 ёшда якунлашлари мумкин.

Кексалик пайтида фуқароларига пенсия тўламайдиган мамлакатлар

Ҳозиргача ҳам айрим мамлакатлар кекса ёшдаги фуқароларга нафақа тўламайди. Асосан, учинчи дунё мамлакатларида пенсия мавжуд эмас.

  • Ироқда ёшга доир нафақалар фақат собиқ амалдорлар учун кўзда тутилган. Қолганлар эса ёки ишлашда давом этишлари керак ёки болаларидан умид қилишлари лозим;
  • Ҳиндистонда ихтиёрий пул ўтказмаларига асосланган пенсия системасини тузишга уринишмоқда. Лекин ҳозирча барча уринишлар муваффақиятсизликка учраяпти ва кексалик пайтида нафақа олишга фақат давлат аппаратида ишлаган одамларгина умид қилишлари мумкин;
  • Таиландда кекса ёшдаги фуқароларнинг ярмидан камроғи пенсия олади. Пенсиядан фақат собиқ амалдорлар ва йирик компанияларда ишлаган ходимлар умид қилишлари мумкин.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: