17:30 | 03.01.23
Bugun.uz Россия президентининг фаолияти давомида мамлакат ҳарбий тизимига қаратган эътибори ва бунинг натижалари ҳақида мақола тайёрлади
Владимир Путин ҳозиргача бўлган 21 йиллик бошқаруви даврида мамлакат армиясига умумий ҳисобда 1,1 триллион доллар сарфлади. Россия 2014 йилдан буён ҳарбий соҳага бюджетининг энг катта қисмини сарфлайдиган давлатлардан бири бўлиб келмоқда. Бироқ армиясига ақлбовар қилмас даражада маблағ сарфлаган ва ҳануз сарфлаётган мамлакат Украина билан урушда жуда катта йўқотишларга юз тутмоқда. Хусусан, Донецк вилоятининг Макеевка шаҳридаги ичида россиялик ҳарбий хизматчилар бўлган 19-сонли касб-ҳунар билим юртига 1 январь кечаси ракета зарбалари берилди. Россия Мудофаа вазирлиги ҳужум оқибатида камида 63 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини маълум қилди. Бироқ Украина Қуролли Кучлари Стратегик алоқа бошқармаси ракета зарбалари берилиши оқибатида 400 га яқин одам ҳалок бўлганини хабар берди. Шунингдек, кўплаб нашр ва ижтимоий тармоқлар Россиянинг талафотларини турлича баҳолади.
Жумладан, «Агентсво» нашрининг ёзишича, Россия Мудофаа вазирлиги бундан олдин бир марталик зарбалар оқибатида бунча катта йўқотишга учраганини бирор марта тан олмаган. «Романов Лайт» Telegram каналига кўра, қурбонлар сони 200 кишини ташкил этади, бироқ муаллифлар жароҳат олганлар сонига аниқлик киритмаган. Ҳарбий мухбир Александр Коцнинг маълум қилишича, Макеевкага уюштирилган ҳужумда жароҳат олганлар ҳалок бўлганлар сонидан кўпроқ.
Россия Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг собиқ ходими Михаил Звинчук томонидан очилган «Рибарь» Telegram каналининг тасдиқлашича, ҳалок бўлганларнинг барчаси сафарбарликка жалб этилган ҳарбий хизматчилардир, бинода жами 600 киши бўлган. Ракета зарбалари оқибатида 78 киши ҳалок бўлган, 136 киши жароҳат олган.
«Bugun.uz» Путиннинг президентлик фаолияти давомида мамлакат ҳарбий тизимига қаратган эътибори ва бунинг натижалари ҳақида мақола тайёрлади.
2018 йилнинг март ойида Владимир Путин президентлик сайловларидан икки ярим ҳафта аввал Федерал Мажлисга йиллик мурожаатини эълон қилди. Шу куни 1817 йилда Россия Империясининг Наполеон армияси устидан қозонган ғалабаси шарафига қурилган Катта Манежда мамлакатнинг бутун элитаси йиғилганди: юқори мансабдорлар, хавфсизлик кучлари вакиллари, ҳуқуқшунослар, давлат компаниялари раҳбарлари, тарғиботчилар, руҳонийлар, тадбиркорлар ва бошқа кўплаб казо-казолар. Мурожаат давомида Владимир Путин Россиянинг 2002 йилдан бери ишлаб чиқилаётган янги қуроллари ҳақида маълумот беради. Президент гипертовушли «Кинжал» ракетасини, қитъалараро «Сармат» ракета комплексини, «Авангард» гипертовушли ракета тизимини, бошқарувчисиз сув ости аппаратлари ва лазерли жанговор қурилмаларни намойиш қилади.
https://www.youtube.com/watch?v=NxE46pmwuP0
Орадан 4 йил ўтганидан сўнг Россия Украинада ҳарбий ҳаракатларни бошлади ва илк бор «Кинжал» ракета тизимидан фойдаланди. Ҳарбий операция оқибатида 6,6 миллион украиналиклар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.
Россиянинг Путин давридаги иқтисодий сиёсати таҳлил қилинганда, иқтисодий инқироз даврида ҳам ҳарбий харажатлар қисқартирилмагани маълум бўлди.
2000 йилда Россиянинг «Курск» атом сув ости кемаси ҳарбий машғулотлар пайтида ўзининг 118 кишилик экипажи аъзолари билан бирга Баренс денгизига чўкиб кетади. Кеманинг чўкишига «торпеданинг оксидловчи резервуаридаги ғайритабиий жараёнлар натижасида юзага келган портлаш» сабаб қилиб кўрсатилади. CNN бошловчиси Ларри Кинг Путиндан сув ости кемасига нима бўлганини сўраганда «Чўкиб кетди», деб кулиб жавоб беради. Путин ҳалокатдан сўнг қурбонларнинг оилалари билан учрашади. Улар президентни қутқарув операциясини бошлашга шошилмаганликда айблашади. Шунда Путин уларга «Мамлакатимиз ва армиямиз ҳозир қанчалар қийин аҳволда эканлигини биласиз деб ўйлайман. Бунга йўл қўймаслик учун биз имкон доирасида яшашимиз керак. Бизда кичикроқ, яхши таъминланган ва модернизация қилинган армия бўлиши зарур», деб тушунтиради.
Совет Иттифоқи совуқ урушда енгилгач, Россияда 3 миллион кишилик улкан армия қолади. Бу тахминан бутун совет аҳолисининг 1 фоизини ташкил қиларди. 1992 йилги Россияда эса бу кўрсаткич 1,5 фоизга чиқди.
1992-1993 йилрда Россия иқтисодиёт вазири бўлиб ишлаган Андрей Нечаевнинг таъкидлашича, 3 миллион ҳарбий хизматчи ҳақидаги гаплар ёлғон, чунки уларнинг аксар қисми мудофаа муассасалари ва ҳарбий идоралар аппаратларида ишлаган. Россия бундай ҳарбий қўшинни таъминлашга ожизлик қиларди. Шунинг учун ҳам ҳарбий хизматчилар сони 1,2 миллионга қисқартирилади. Федерал ҳукумат янги қурол сотиб олишга сарфланадиган харажатларни ҳам қисқартиришга рози бўлади.
Курск фожиаси рўй берган вақтда «антитеррор операцияси» номи билан аталган иккинчи Чечен уруши бир йилдан буён давом этиб келаётганди. Биринчи президентлик сайловларидан бир неча ҳафта олдин Путин операциянинг фаол босқичи тугаганини эълон қилган бўлса-да, расмий равишда иккинчи Чечен уруши 2009 йилгача давом этади. 2007 йил Халқаро амнистия ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, можарода қурбон бўлган тинч аҳоли сони 25 000 киши бўлиб, 5000 киши бедарак йўқолган.
Курск воқеаси ва Чечен урушидан сўнг Россия армияси тарихида янги саҳифа очилади. Эндиликда армияни таъминлаш ва янги қуролларни яратишга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ маблағ сарфлана бошлайди. Нефть нархининг кўтарилиши туфайли буни амалга ошириш учун қулай имконият юзага келади.
Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) тадқиқотчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, Россиянинг 2000 йилдан 2021 йилгача бўлган даврдаги ҳарбий харажатлари миқдори 7 мартага ўсган. Хусусан, 2000 йилда Россия 9,23 миллиард долларлик ҳарбий харажатни амалга оширган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 65,9 миллиард долларга етди. Шунингдек, институт маълумотларига кўра, Россия ҳарбий хизматчилари сони, тахминан, 1,4 миллион кишини ташкил этади. Ўтган 21 йил давомида Россия ҳарбий соҳага 1,1 триллион доллар маблағ сарфлаган.
Путин ҳокимиятга энди келган вақтда Россия ҳарбий харажатлар миқдори бўйича дунёда 21-ўринда турган бўлса, 2021 йил охирига келиб бу кўрсаткич бўйича бешинчи ўринга кўтарилиб олди. Европа Иттифоқидаги ҳеч бир давлат ўз армиясига бунчалик кўп маблағ сарфламайди. Жумладан, Германиянинг 2021 йилдаги ҳарбий бюджети 56 миллиард долларни ташкил этган бўлса, Франция бу даврда армиясига 56,6 миллиард доллар сарфлаган. Бу икки давлатнинг аср бошидан бери ҳарбий соҳага қилган харажатлари деярли икки баравардан ўсган.
Умуман олганда, ҳарбий харажатлар бўйича Россиядан юқорида турувчи мамлакатлар сирасига АҚШ (801 миллиард доллар), Хитой (203 миллиард доллар), Ҳиндистон (77 миллиард доллар), Буюк Британия (68 миллиард доллар) киради. 2000 йилдан буён ҳарбий соҳага сарфланган маблағнинг ўсиши жиҳатдан Хитой яққол устунликка эга. Давлатдаги ҳарбий харажатлар 20 йил ичида қарийб 10 баробарга ўсган. Бу жиҳатдан иккинчи натижа Россияга тегишли — 7 баробар. Украина эса 2021 йилда ўз армияси учун Россиядан 10 марта кам маблағ сарфлаган — 5,9 миллиард доллар.
«Миллий мудофаа» Россия федерал бюджетида энг катта улушлардан бирини ташкил қилади. Барча мудофаа харажатларининг, тахминан, учдан икки қисми таснифланади ва Россия жамоатчилиги бу маблағлар қандай сарфланишидан бехабар. Аммо маълум бўлишича, янги қуроллар ишлаб чиқариш учун федерал молиялаштиришнинг асосий истеъмолчиси 800 дан ортиқ саноат корхоналари ва конструкторлик бирлашмаларини ўз ичига олувчи «Ростех» давлат корпорацияси ҳисобланади. «Ростех»га Владимир Путин томонидан 2007 йилда асос солинган бўлиб, ўшандан бери уни президентнинг КГБдаги собиқ ҳамкасби Сергей Чемезов бошқариб келмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2006-2021 йилларда Россия армияси учун нақд пул харажатларининг барча федерал бюджет харажатларидаги улуши 12,3 фоиздан 23 фоизгача бўлган. Агар «Миллий хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш» бандлари ҳам қўшилса, унинг улуши 22,7 фоиздан 34,6 фоизгача ошади. Кремль томонидан таълим, соғлиқни сақлаш, пенсия ва ижтимоий нафақаларга сарфланадиган миқдор эса нисбатан камроқ.
Россия федерал бюджет ижроси статистикасига кўра «Миллий мудофаа» 2000 йилдан 2016 йилга қадар номинал кўринишда ҳеч қачон камаймаган. Аксинча, таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилмалар ва ижтимоий нафақаларга сарфланадиган харажатлар миқдори турли даврларда секинлашган. Россиянинг ҳарбий харажатлари Грузиядаги воқеалардан сўнг, 2009 йилдан бери деярли ҳар йили таълим ва соғлиқни сақлашга ажратилган бюджетдан кўра тезроқ ўсди. 2014 ва 2016 йиллар оралиғида Қрим аннекция қилинганидан сўнг тафовут янада катталашди.
2017 йилда миллий мудофаа йўналиши бўйича номинал харажатлар, тахминан, бир триллион рублга қисқарди ва бир йил аввалги 3,8 триллион рубль номинал харажатлар бир триллион рублга қисқариб, бир йил аввалги 3,8 триллион рублдан 2,85 триллион рублга тушди. 2022 йилга келиб Россиянинг йиллик ҳарбий харажатлари номинал миқдори деярли 2016 йилги даражага етди ва 3,6 триллион рублни ташкил этди.
Россиянинг собиқ ҳукумат амалдорларидан бирининг таъкидлашича, мудофаа харажатларининг барча асосий параметрлари шахсан президент томонидан қабул қилинади. Ҳар йили августдан сентябрь ойигача бўлган бир қатор мудофаа учрашувларида иштирок этиш учун молия вазири ва юқори даражадаги хавфсизлик амалдорлари Сочига, президент қароргоҳига учиб кетади ва бюджетни ишлаб чиқади.
Яна бир собиқ амалдорлардан бирининг сўзларига кўра, мудофаа харажатлари ҳар доим бюджетнинг «дахлсиз» банди бўлган, аммо буни ҳеч ким очиқ тан олиб айтмайди. Унинг айтишича, ҳарбийлар ҳар доим ҳукумат ажратганидан ҳам кўпроғини хоҳлашади, шунинг учун, ҳар йили Молия ва Мудофаа вазирликлари ўртасида ҳар бир рубль учун шиддатли кураш кечади.
Агар 2000-2011 йиллардаги Россиянинг молия вазири Алексей Кудрин бўлмаганида ҳарбий харажатлар янада юқори бўлиши мумкин эди. Грузия билан урушдан сўнг, 2010 йилда Россиянинг ўша пайтдаги президенти Дмитрий Медведев 10 йил ичида армияни қайта қуроллантириш бўйича янги дастурни тасдиқлаган эди. Кудрин 20 триллионлик бюджетга нисбатан эътироз билдиради. Медведев эса ҳарбий хизматчилар учун имтиёзларни оширади ва бу яна Молия вазирлиги тавсия қилган миқдордан ортиб кетади.
Журналист Евгения Писменная ўзининг китобида ёзишича, ўша пайтда Кудрин истеъфога чиқмочи бўлади, бироқ Владимир Путин (бу вақтда у бош вазир вазифасини бажарарди) эски танишини лавозимида қолишга кўндиради. Шунга қарамай, бир неча ой ўтгач, Медведев Путинни президентликка қайта номзод қилиб кўрсатган ва Путин уни ҳукумат раҳбари қилишга ваъда берганидан сўнг Кудрин АҚШда журналистларга берган интервьюсида мамлакатнинг бўлажак бош вазири билан келишмовчиликлари сабаб Медведев кабинетида ишлаш нияти йўқлигини айтади. Кудрин буни биринчи навбатда катта ҳарбий харажатларга тааллуқли эканини таъкидлайди.
Бир неча кун ўтиб, Медведев телекамералар қаршисида Кудринни қаттиқ танқид қилиб, истеъфосини талаб қилади. Ҳам молия вазири, ҳам бош вазир ўринбосари бўлган Кудриндек юқори мансабдорнинг кетиши Путин режимидаги камдан-кам ҳолатлардан бири эди. Бюджет сиёсатининг устувор йўналишлари шу қадар оғир масала эдики, Кудрин истеъфога чиққанидан кўп ўтмай «Коммерсанть» газетасида мақола ёзиб, ҳарбий харажатлар кўпайишини яна танқид остига олади.
Молия вазири курсиси Кудриннинг ўринбосари, мудофаа масалаларини назорат қилган Антон Силуановга ўтади. Силуанов ўзидан олдинги раҳбарга қараганда ҳарбий тизимни молиялаштиришга кўпроқ эътибор қаратган. У давлат армиясини замонавий, қудратли ва жанговор бўлиши кераклигига ишонган.
Украинадаги 2014 йил воқеалари Россиянинг мудофаа харажатларида туб бурилиш нуқтаси бўлди. Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқот институти ҳисоб-китобларига кўра, ўшандан бери Россиянинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан мудофаа харажатлари кескин ошди ва ҳозирда мамлакат катта йигирматалик давлатлар ичида мудофаа учун энг катта маблағ ажратувчилардан бири бўлиб турибди.
SIPRI маълумотларига кўра, Россиянинг 2020 йилдаги ҳарбий харажатлари ҳажми ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4,26 фоизни ташкил этган. Бу АҚШ, Хитой, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳарбий тизимга сарфлайдиган миқдордан юқори демакдир. Пандемиядан кейин бу рақамлар бироз пасайган бўлсада, Россия ҳарбий харажатлар бўйича Саудия Арабистонидан кейинги ўрнини сақлаб қолди.
Владимир Путин 2017 йил охирида ишлаб чиққан янги дастурга кўра, қайта қуролланиш учун яна 21,7 триллион рубль ажратилди. «Коммерсанть»га кўра, маблағлар барча ҳарбий тармоқлар ўртасида тенг тақсимланган. Шунга қарамай, Россия Мудофаа вазирлиги 2024-2033 йиллар оралиғида 30 триллион рублни ташкил қилувчи янги дастурни ишлаб чиқмоқда.
Одатда Россия мудофаа тизимига маблағлар ҳар йили оширилади ва мамлакат Мудофаа вазирлиги аллақачон 2024 ва 2033 йиллар оралиғида 30 триллион рублга тушадиган янги дастурни ишлаб чиқмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, Россияда 16 миллионга яқин одам қашшоқлик чегарасида яшайди. Мамлакатда ўртача ойлик иш ҳақи миқдори Европа Иттифоқи мамлакатларидан анча паст. Иттифоқ таркибида фақат Болгариядаги ўртача иш ҳақи миқдори Россияникидан кам. Ҳатто, бир вақтлар СССР таркибида бўлган Латвия, Литва, Эстония каби давлатларда ҳам бу миқдор Россиядагидан юқори.
Мамлакатда ўртача умр кўриш ёши давомийлиги 70 йилни ташкил этади. АҚШда бу кўрсаткич 79 ёш бўлса, Европада аҳоли ўртача 80 йил умр кўради.
Шунингдек, Россияда таълимга йиллик харажатлар ЯИМнинг 4 фоизини ни ташкил қилади, бу бўйича дунёда етакчилик қиладиган Швецияда ЯИМнинг 7 фоиз қисми таълимга ажратилади (Олий иқтисодиёт мактаби тадқиқотига кўра). Бундан ташқари, Россияда таълимга сарфланадиган харажатларнинг аксарияти федерал ҳукумат эмас, балки минтақавий расмийлар томонидан молиялаштирилади.
Соғлиқни сақлаш тизимида ҳам вазият деярли шундай. Франция, Германия ва Швеция каби Европа Иттифоқи давлатлари ялпи ички маҳсулотининг қарийб 10 фоизини соғлиқни сақлашга сарфлайди. Россия ялпи ички маҳсулотининг 3,5 фоизини бу йўналишга ажратади.
«Путин даврида Россияда ҳарбий харажатлар ноҳарбий харажатлардан тезроқ ўсиб бораётгани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Бу, айниқса, сўнгги ўн йилликда сезиларли бўлди», — дейди Париждаги Сиёсий тадқиқотлар институти.
Мудофаа харажатлари ортиб борганига қарамай, Россия Укранадаги ҳарбий ҳаракатларда бирин-кетин муваффақиятсизликларга учради. Экспертлар бунга бир неча сабабларни келтирмоқда.
Биринчидан, Кремль украиналикларнинг ватанпарварлигини паст баҳолади. The Washington Post нашрининг ёзишича , Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) сўровларига кўра, аҳолининг 48 фоизи Россия тажовузи бўлган тақдирда ўз ватанларини ҳимоя қилишга тайёр эканини билдирган. Натижада, ФХХ украиналикларнинг кўпчилиги жангга тайёр эмаслигига ишонган, бу эса Киевни бир неча кун ичида қўлга киритиши мумкинлигига ишонч пайдо қилган. Америка расмийларининг The Washington Post нашрига айтишича, Россия разведка ҳамжамияти ҳарбий амалиёт бошланишидан олдин айнан шу башоратларни президент Путинга билдирган.
Иккинчидан, Россиянинг блиц ҳужуми муваффақиятсизликка учрагач, кўп ўтмай Киевга ҳужум қилишни маъқул кўрди, чунки иттифоқчиларнинг қуроллари кириб кела бошлади ва президент Владимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина армияси май ойигача тахминан 150-200 минг аскардан 700 мингга етганди. Бу Москва учун жанг қилаётган ҳарбийлар сонидан уч баравар кўп дегани эди.
Учинчидан, Кремль ўз армиясининг кучи ва жиҳозларининг сифатини юқори баҳолаб юборди. Ҳатто Олий иқтисодиёт мактабининг Василий Кашин ва Мудофаа вазирлиги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Руслан Пухов каби давлатга қарашли экспертлар ҳам Россия армиясида учувчисиз учиш аппаратлари, техник разведка ускуналари, замонавий кузатув ускуналари ва энг сўнгги русумдаги мосламалар етишмаслигини тан олишди. Россия жуда оз сонли қуруқлик кучлари билан Украинага бостириб кирди. Сўнгги йилларда Кремль Россия ҳаво-десант қўшинларини ривожлантиришга сармоя киритган бўлиб, ҳозирда уларнинг жанговар ҳаракатлардаги иштирокига талаб кам.
Швеция Мудофаа тадқиқот институти (FOI) таҳлилчилари 2019 йилда Кремль минтақавий урушга тайёрланаётгани ҳақида огоҳлантирган эди. Ҳужум бошланганидан уч ой ўтгач , институт Россиянинг ҳарбий қудратини ошириб юборганини тан олган ҳисобот эълон қилди. Масалан, Украина учун сафарбар қилинган кучлар ҳажми FOI мутахассислари кутган миқдорга тўғри келди, бироқ Россия армиясида мувофиқлаштириш ва бирдамлик йўқ эди, жанговар ҳаракатларда қатнашаётган техника ва ҳарбий хизматчилар эса экспертлар тахмин қилганидан анча кам бўлиб чиқди.
Россия армияси сафида Украинадаги ҳарбий ҳаракатларнинг илк кунида қатнашган десантчи ҳам ҳарбийлар орасидаги бирдамлик йўқлиги ва қўшиндаги тартибсизликлар ҳақида ёзган.
The Economist нашрининг ёзишича, коррупциянинг юқори даражаси ҳам Россия армиясига сарфланаётган маблағларнинг ўз ўрнига етиб бормаслигига сабаб бўлмоқда. Ҳарбий техникаларга ўрнатилган Хитой шиналари, жанг майдонларида фойдаланилган оддий мобил телефонлар ва Хитойда ишлаб чиқарилган уй радиолари, аскарларга берилган муддати ўтган егуликлар, ҳарбийларнинг таги тушиб қолаётган этиклари…
«Россияда Мудофаа вазирлиги харажатлари устидан назорат деярли йўқ: Алексей Навалний ва Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси ҳарбийлар бюджетидан ўғриликнинг аниқ ҳолатлари ҳақида хабар беришди, бироқ расмийлар бунга эътибор бермади», — дейди иқтисодчи Сергей Гуриев.
Украинадаги уруш ХХI асрнинг биринчи йирик классик урушидир. Давлатга қарашли ҳарбий эксперт Василий Кашиннинг фикрича, Москва ва Киев ўртасида 2022 йил охири ёки 2023 йил бошида сулҳ тузилиши мумкин эмас. Бироқ эришилган ҳар қандай келишув можаронинг асосий сиёсий муаммоларини ҳал эта олмайди ва бу Россия, Украина ва НАТО ўртасидаги узоқ муддатли совуқ урушга сабаб бўлади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: