20:41 | 19.10.22

                       

Туркияда Россия газини Европага етказиб бериш учун марказ яратилади

Эрдўғон Путин билан бу бўйича келишувга эришганини эълон қилди

Эрдўғон Путин билан Европага газ етказиб бериш учун Туркияда газ маркази яратиш бўйича келишувга эришганини эълон қилди, деб хабар беради «Meduza».

Қайд этилишича, Ражаб Тоййиб Эрдўғон 19 октябрь куни парламентнинг навбатдаги йиғилишида Туркияда Россия ёқилғисини Европага етказиб бериш учун халқаро газ хаби ташкил этилишини маълум қилган.

«Ҳозир Европа келаётган қишда ўзини энергия билан қандай таъминлаш ҳақида ўйламоқда. Яхшиямки, Туркияда бундай муаммо йўқ. Қолаверса, Туркия табиий газ таъминоти марказига айланишига умид қиламан. Жаноб Путин билан сўнгги учрашувимизда Туркияда газ хаби ташкил этишга келишиб олдик. Ўз сўзлари билан айтганда, Европа ўз табиий газини Туркия орқали қабул қила олади», — деган Эрдўғон.

Туркияда газ хаби яратиш ғояси 13-октабр куни Остонадаги музокараларда Путин томонидан Эрдўғонга таклиф қилинган эди. Россия Президентининг сўзларига кўра, бундай марказ нафақат Европа мамлакатларига газ сотиш жойи, (агар улар, албатта, бундан манфаатдор бўлса) балки ёқилғи нархини белгилаш платформасига айланиши мумкин.

«Бугунги кунда нархлар ҳаддан ташқари юқори ва биз уларни ҳеч қандай сиёсий оҳангларсиз оддий бозор даражасида осонгина тартибга солишимиз мумкин», — деган Путин.

Эрдўғон билан музокаралар чоғида Путин «Турк оқими» газ қувурини бузишга уриниш ҳақида ҳам тўхталган. «Турк оқими» ҳозирда Россия газини Туркия орқали Европага етказиб беришнинг энг ишончли йўли эканлиги ҳам таъкидланган.

“Гарчи сиз эшитганингиздек, улар Россия Федерацияси ҳудудида уни («Турк оқими»ни) ҳам портлатмоқчи бўлишган… Лекин, Худога шукур, бу содир бўлмади ва у муваффақиятли ишламоқда”, — деган Россия президенти.

Cентябрь ойи охирида «Шимолий оқим 1» ва «Шимолий оқим 2» газ қувурларининг тўртта симидан учтасида сизиб чиқиш ҳолати кузатилгани маълум бўлди. Воқеа жойида текширув ўтказган Швеция расмийлари, газ қувурлари портлашлар натижасида зарар кўргани, бунда Россиянинг алоқаси бўлиши мумкинлигини айтганди.

Аввалроқ «Шимолий оқим» қувури орқали Россия газини етказиб бериш тўхтатилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Германия Россиядан кўмир ва нефть сотиб олишни тўхтатиши маълум қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: