20:04 | 21.12.22

                       

Ўзбекистон дунёдаги энг хавфсиз давлатлардан бири деб топилди

Осиёдаги энг хавфли мамлакатлар сифатида эса Афғонистон ва Покистон қайд этилган

Дунёдаги етакчи соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик хизматлари компанияларидан бири ҳисобланган International SOS мамлакатларнинг одамлар ҳаёти учун хавфсизлик даражаси бўйича рейтингини тақдим этди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмат хабар берди.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон дунёдаги энг хавфсиз давлатлардан бири дея қайд этилган. Бу борада мамлакат АҚШ, Испания, Швеция, Буюк Британия, Қатар, Франция каби давлатлар билан бир рўйхатда жойлашган.

«Зўравонлик жиноятлари даражаси жуда паст. Ҳеч қандай сиёсий тазйиқ, фуқароларнинг тартибсизликлари ва чет элликларга нисбатан диний ёки ирқий тажовуз кузатилмайди. Хавфсизлик ва фавқулодда вазиятлар хизматлари самарали ва инфратузилма мустаҳкам. Транспорт хизматлари юқори стандартларга эга, хавфсизлик қоидалари кучли ва фақат вақти-вақти билангина саёҳатлар тўхтатилиши мумкин», дея таъриф берилади хавфсизлик юқори бўлган мамлакатларга.

Энг хавфли давлатлар сифатида эса Мали, Ливия, Ироқ, Сурия, Афғонистон, Яман ва Украина қайд этилган.

Компания томонидан тузилган «Саёҳатлар хавфи» харитасида Афғонистон, Марказий Африка Республикаси, Ироқ, Ливия, Мали, Сомали, Жанубий Судан, Сурия, Украина ва Яман каби давлатлар 2022 йилда ташриф буюриш учун энг хавфли ҳудудлар сифатида таснифланган.

tashrif buyurish uchun dunyodagi eng xavfli mamlakatlarning rangli kodli xaritasi
Фото: Atlasandboots.com

Ушбу харита ташриф буюриш учун дунёдаги энг хавфсиз ва аксинча, энг хавфли мамлакатларни ажратиш мақсадида тузилади ва мамлакат хавфсизлиги даражаси, тиббий хавф ва пандемиянинг саёҳат ва ички операцияларга таъсирини қамраб олувчи тўртта кўрсаткич бўйича баҳоланади.

Мамлакатлар эса хавфсизлик даражасига кўра бешта гуруҳга бўлинади: аҳамиятсиз даражада паст, паст, ўрта, юқори ва экстремал хавф даражалари.

Рейтингни тузишда қуйидаги мезонларга асосланилади: сиёсий зўравонлик (терроризм, қўзғолон, сиёсий сабабларга кўра тартибсизликлар ва урушлар), ижтимоий тартибсизликлар (мазҳаблараро, жамоа ва этник зўравонлик) ва майда жиноятлар туфайли саёҳатчиларга таҳдид соладиган омиллар.

Баҳлашда ишлатиладиган бошқа омилларга транспорт инфратузилмаси, хавфсизлик ва фавқулодда хизматларнинг имкониятлари ва табиий офатлар таҳдиди киради. Шунингдек, харитадан бутун дунё бўйлаб тиббий хавф ва йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартларини баҳолаш учун фойдаланиш мумкин.

Ҳозирда дунё бўйича 9 та давлат саёҳат учун «ўта хавфли» деб ҳисобланади. Булар: Афғонистон, Марказий Африка Республикаси, Ироқ, Ливия, Мали, Сомали, Жанубий Судан, Сурия, Украина ва Яман.

dunyodagi eng xavfli davlatlar tikanli simlar bilan etakchi tasvir
Фото: Atlasandboots.com

Аксинча, 18 та мамлакат эса саёҳат учун дунёдаги энг хавфсиз ҳудудлар деб топилган. Булар: Андорра, Кабо-Верде, Дания, Финляндия, Гренландия, Исландия, Кирибати, Лихтенштейн, Люксембург, Маршалл ороллари, Науру, Норвегия, Сан-Марино, Сейшел ороллари, Словения, Швейцария, Туркс ва Кайкос ороллари, Тувалу.

Andorradagi Sant-Esteve cherkovi
Фото: Atlasandboots.com

Ўзбекистон ва яна 90 та давлат саёҳат учун хавф даражаси паст бўлган мамлакатлар сифатида эътироф этилган.

Эслатиб ўтамиз, пандемия бошланганидан бери биринчи марта 2021 йил август ойида дунёдаги энг хавфсиз шаҳарлар рейтинги эълон қилинганди. Ўзбекистоннинг аёллар учун энг хавфсиз давлатлар рейтингидаги ўрни маълум бўлганди. Аввалроқ дунёнинг аёллар яшаши ва ишлаши учун энг хавфсиз шаҳри эълон қилинганди. Шунингдек, кечки сайр учун энг хавфсиз бўлган мамлакат қайсилиги маълум қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: