19:43 | 16.06.21

                       

Бугун оқшоми. Яна камида 5 йилга орзуга айланган Жаҳон чемпионати, президентлик сайловига ажратиладиган маблағ, Путин–Байден учрашуви ва 16 июннинг муҳим хабарлари

Куннинг энг қайноқ ва долзарб хабарларини ушбу дайжестга жойладик

16 июннинг муҳим ва сара хабарлари битта дайжестда!

Сирдарёда ярим яланғоч раққосалар билан овқатлангани акс этган видеоси тарқалган собиқ ҳоким ўринбосари бу воқеани ўзига нисбатан провакация деб баҳоламоқда. 

Сирдарё вилоятида туман ҳокимлик масъуллари ва давлат ташкилотлари раҳбарлари ресторанда ярим яланғоч раққоса қизлар билан овқатлангани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Воқеада иштирок этган туман ҳокими собиқ ўринбосари Нурали Мирзаев ҳолат аслида қандай бўлгани ҳақида гапириб берди.  

Унинг сўзларига кўра, ҳокимликнинг муносабатида айтилганидек, воқеа 2020 йилнинг октябрь ойида содир бўлган. Улар ушбу ресторан очилишига таклиф қилинган. Ҳар қаерда бўлганидек (Нурали Мирзаевнинг айтиши бўйича, бундай раққосалар ҳар қаерда — вилоят, туман марказлари ва Тошкент шаҳрида ҳам бор), бу ресторанда ҳам ярим яланғоч раққосалар бўлган ва улар меҳмонлар ўтирган хонага кириб келган. Ҳокимият ходимлари улар яқинлашишининг олдини олиб, пул берган.

Собиқ ўринбосар бу вазиятни провакация деб баҳоламоқда.

«Видеода, тўғриси, менга нисбатан провакация бўлган. Бу кўпроқ менга қаратилган, деб айтишим мумкин. Чунки пул берган ҳолатим 1 ёки 2 марта бўлган бўлиши мумкин, лекин 4-5 марта қайта-қайтадан кўрсатилиб, охирида шеърлар билан ҳам кўрсатилган», — дейди Нурали Мирзаев. 

Унинг таъкидлашича, бу халқнинг шунчалик ёмонлашига сабаб бўлувчи иш эмас. Чунки унинг бу лавозимга тайинланганига фақатгина 1 ой бўлган, аммо видеода акс этган воқеа 1 йил олдин бўлган. 

«Иш фаолиятимга 1 ойдан ортган бўлса, исталган одам келиб текшириб кўрса, сўровнома ўтказса ҳам, халқнинг ўзи баҳо бермоқда. Бошқа ҳудуддагилар ҳам ҳар ким ўз фикрини билдирмоқда, майли, ҳеч ким уларнинг фикрини ўзгартира олмайди. Аслида, бор воқеа худди шундай бўлган. Мен оилам, жамоам олдида ўзимни оқламоқчиман», — дейди ҳокимнинг собиқ ўринбосари. 

Аввалроқ колумнистимиз ҳокимликнинг ушбу воқеога билдирилган муносабатига атаб карикатура чизган эди. 

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Ўзбекистон учун Жаҳон чемпионати орзуси яна камида 5 йилга чўзиладиган бўлди. Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 15 июнь, сешанба куни Саудия Арабистонидан йирик ҳисобда мағлубиятга учради ва Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун курашдан чиқди. Жаҳон чемпионати-2022 ва Осиё кубоги-2023 қўшма саралаш баҳслари гуруҳ босқичи сўнгги учрашувида Ўзбекистон Саудия Арабистонидан 3:0 ҳисобида мағлубият қабул қилиб олди. Терма жамоа ўз юришини шу ерда якунлайдиган бўлди. 

Абрамов бошчилигидаги миллий терма жамоа ўз тарихида илк маротаба иккинчи саралаш босқичидан ўта олмади. Ўйин ва бошқарув ҳақида қатор мақолалар ёзилди, фикрлар билдирилди. Аммо ўйин ўтиб бўлди, энди бунинг сабаблари ўрганиб чиқилиб, тегишли чоралар кўрилиши керак. Шундай қилинмас экан, ўзбекистонликлар учун халқаро майдонларда (Жаҳон чемпионатида, аниқроғи) миллий терма жамоасининг ўйинларини кўриш, ўйиндан олдин мухлислар билан жўр бўлиб куйланадиган ва завқ берадиган давлат мадҳиясини эшитиш (айтиш) армон бўлиб қолаверади. 

Bugun.uz колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов ушбу мағлубиятдан сўнг «стадион ерларидан оқилона фойдаланиш» бўйича маслаҳат берди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Ўзбекистонда ОТМларга ҳужжат қабул қилиш 20 июнь куни бошланади, жараён онлайн бўлади. Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълимга бағишланган видеоселектор бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда 2021/2022 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига ҳужжатларни онлайн қабул қилиш 20 июндан бошланиши маълум қилинди

Бу йил 1,5 миллиондан зиёд ёшлар олийгоҳларга кириш учун ҳужжат топшириши кутилмоқда. 2021 йилда илк маротаба 9 та нодавлат олийгоҳларда 22 та йўналишда талабаларни ўқитиш учун 500 та давлат гранти ажратилади.

Шунингдек, Президент 2021 йилда олийгоҳларга қабул сони 2020 йилга нисбатан 13 фоизга оширилиб, 181 минг нафарга етказилишини маълум қилди.

Ўзбекистонда Президентлик сайловига жами 300 миллиард сўм, ҳар бир номзодга эса 3 миллиард сўмдан ажратилади. Марказий сайлов комиссиясининг 16 июнь куни бўлиб ўтган мажлисида Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир харажатлар сметаси тасдиқланди.

Унга кўра, сиёсий партиялар кўрсатган номзодларнинг ташвиқот ва тарғиботи учун 15 миллиард 486 миллион сўм ажратилади. Шунингдек, умумпартиявий тадбирлар ва сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди ташвиқоти ва тарғибот ишларини амалга оширишга ажратиладиган маблағ 15 миллиард 486 миллион сўмни ташкил этган. Бунда ҳар бир номзодга 3 миллиард 97 миллион сўмдан тўғри келмоқда.

Сайлов комиссиясининг маълумотига кўра, ажратилган маблағларнинг сарфланиши юзасидан батафсил маълумот сайловдан сўнг эълон қилинади. 

Ўзбекистон глобал ривожланиш рейтингида 77-ўринни эгаллади. БМТ ва «Bertelsmann» жамғармаси томонидан эълон қилинган йиллик барқарор ривожланиш рейтингида Ўзбекистон 165 мамлакат орасида 77-ўринни эгаллади

Унга кўра, мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик соҳаларда барқарор ривожланишини белгилайдиган 17 та мақсаддан олтитаси — «Соғлик ва фаровонлик», «Гендер тенглиги», «Арзон ва тоза энергия», «Саноат, инновация ва инфратузилма», «Иқлим ҳаракати», «Тинчлик, адолат ва кучли институтлар»да Ўзбекистон тараққиёти қайд этилган. 

Рейтингда Қирғизистон 44, Қозоғистон 59, Тожикистон 78, Туркманистон 117, Афғонистон 137-ўринларни эгаллаган. Барқарор ривожланиш бўйича юқори бешликка Финляндия, Швеция, Дания, Германия ва Бельгия кирган.

Хўш, оламда нима гап?

Узоқ кутилган кун келди — Женевадаги тарихий учрашув: Россия ва АҚШ президентлари юзма-юз учрашди. Швейцариянинг Женева шаҳрида Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Жо Байден учрашди

Президентлар тор доирадаги учрашувни бошлашдан олдинги суратга тушиш жараёнида шовқин кўтарган журналистлар хонадан чиқариб юборилди. Ушбу тасвирлардан кўриниб турибдики, икки президент бир-бири билан илиқ муносабатда. 

Уларнинг учрашуви уч қисмдан иборат бўлиб, жами 5 соатга яқин давом этиши маълум қилинган эди. Катта эҳтимол билан, уларнинг музокаралари бир оз олдин якунланган. Шу сабабли узоқ кутилган учрашув тафсилотларини бу рукнимизда ўқий олмайсиз. Аммо, албатта, биринчи бўлиб «Bugun.uz»да ўқийсиз. 

Ҳозирча Женева меҳмонларни кутиб олгани ҳақида сўзловчи суратни кўриб туринг. Шаҳар кўчаларининг бирида Алексей Навальний ҳақида 3 та баннер ўрнатилди. Унда қуйидаги ёзувлар ёзилган: «Алексей Навальний Новичок билан заҳарланган», «Аммо ҳали ҳам текширув ўтказилгани йўқ(?)» ва «Президент Путин, қандай қилиб бундай бўлиши мумкин?». 

Фото: Twitter / Leonid Volkov

Бундан олдинроқ Жо Байден Туркия президенти Ражжаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашган эди. НАТО саммити доирасида икки президентнинг туширилган «тасодифий» фотосурат туркияликларда норозилик уйғотди. Гап шундаки, ушбу фотосуратда Туркия президенти Эрдўғон Жо Байденннинг қўлини ўпаётгандек кўриниб қолган. Туркияликлар, асосан, Эрдўғоннинг ниқобсизлигига эътибор берган Ғарб ОАВсини Туркия президентини «нотўғри қабул қилиш» операциясини уюштиришга уринишда айбламоқда. Мана шундай бутун дунё эътиборини ўзига қарата олган кадр ушлаган фотографга эса қойил қолмасдан илож йўқ. 

Энди уни қўлингизга «тақишингиз» ё чўнтагингизга солиб юришингиз шарт эмас, еб қўя қоласиз. Японияда ейиш мумкин бўлган ниқоб яратилди. Касалликка чалиниш хавфини камайтиришга мўлжалланган ҳимоя ниқоблари коронавирус пандемияси фонида ҳақиқий аксессуарга айланди. Дунёда олмос, олтин ва бошқа қимматбаҳо металлар ва тошлардан ясалган ниқоблар қаторида японияликлар истеъмол қилинадиган ниқоб ишлаб чиқарди. У японларнинг анъанавий ширинлиги бўлган қовунли нондан иборат. Ҳа, у вирусдан ҳимоя қилиши ҳам тасдиқланган.  

Японияда 5 та ҳудди шундай ниқобни ўз ичига олган тўплам 16 доллардан сотувга чиқди ва яшин тезлигида сотилиб кетди. Агар бу турдаги ниқоблар Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқарилса, ниқобни иягига тушириб оладиган ва қўлига «тақиб оладиган» айримларга осон бўлар эди. Янаям, ким билсин.

Ҳурматли иш берувчилар, ўз ходимларингизни эҳтиёт қилинг. Акс ҳолда, уларнинг стресси нафақат сизга, балки бутун дунё иқтисодиётига қимматга тушиши мумкин. АҚШнинг «Галлуп» жамоатчилик фикри институти таҳлилчилари «State of the Global Workplace» тадқиқоти асосида дунё иқтисодиёти ишчилардаги стресс оқибатида ҳар йили қанча пул йўқотишини аниқлади. Унга кўра, ишчилардаги стресс ҳар йили глобал иқтисодиётга 8,1 триллион доллар миқдорида зарар етказади.

Маълум қилинишича, ҳар 10 нафар ходимдан 7 таси иш жойида қийинчиликларга дуч келмоқда, дунё  бўйлаб фаолият юритувчи ишчиларнинг 80 фоизида эса ишчанлик руҳи тушиб кетган. Шу сабабли меҳнат унумдорлиги пасайган, оқибатда жаҳон иқтисодиёти ҳар йили ЯИМнинг деярли 10 фоизини йўқотмоқда. 

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг. 

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: