10:42 | 03.02.23
Мамлакатда демократияга берилган баҳо 2,12 баллни ташкил этган ва бу натижа кетма-кет уч йилдан бери ўзгаргани йўқ
Британиянинг The Economist Intelligance Unit тадқиқот ташкилоти томонидан ҳар йили тузиладиган Democracy Index 2022 рейтингида Ўзбекистон 167 мамлакат ичида 149-ўринни эгаллади. 2021 йилда бу мамлакат рейтингда 150-поғонани эгаллаб турганди. Рейтинг ташкилотчилари Ўзбекистондаги демократия билан боғлиқ вазиятни 2,12 баллга баҳолаб, мамлакатни «авторитар режим»га эга давлатлар гуруҳига киритган.
Демократия беш тоифада баҳоланди:
Ўзбекистонда 2021 ва 2020 йилларда ҳам худди шундай кўрсаткичлар қайд этилганди. Шарқий Европа минтақавий рейтингида Ўзбекистон 28 мамлакат орасида 25-ўринда. Рейтингни Беларусь, Тожикистон ва Туркманистон якунламоқда.
Минтақада ҳалигача ‘тўлиқ демократия’ мавжуд эмас: 28 мамлакатдан 16 таси ‘мукаммал демократия’ (Европа Иттифоқининг шарқий аъзо давлатлари ва ғарбий Болқон), тўртта ‘гибрид режим’ (Арманистон, Босния ва Герцеговина, Грузия ва Украина) ва саккизта ‘авторитар режим’ (Озарбайжон, Беларусь, Россия ва Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари), дейилади ҳисоботда.
Рейтингда биринчиликни бир неча йиллардан бери кетма-кет Норвегия бошқариб келмоқда (9,81 балл). Кучли бешликдан, шунингдек, Янги Зеландия (9,61), Исландия (9,52), Швеция (9,39) ва Финляндия (9,29) кирди. Рейтингни Шимолий Корея (1,08), Мьянма (0,74) ва Афғонистон (0,32) якунлади.
Маълумот учун, демократия индекси 2006 йилдан буён эълон қилиб келинади. Индекс 5 та категория асосида тузилади: сайлов жараёни ва плюрализм, ҳукуматнинг функциялари, сиёсий иштирок ҳолати, сиёсий маданият ҳамда фуқаролар эркинлиги. Мамлакатларга шу 5 категория бўйича баҳо берилади. Ушбу индексда мамлакатлар 4 турга ажратилган: тўлиқ демократия, тўлиқ бўлмаган демократия, гибрид режим ва авторитар режим. Ўртача кўрсаткичи 8 баллдан юқори мамлакатлар тўлиқ демократия деб эътироф этилади. 6 ва 8 балл оралиғи — тўлиқ бўлмаган демократия, 4–6 балл — гидрид режим ва 4 баллдан камроқ натижа кўрсатганлар авторитар режим деб топилади.
Аввалроқ Ўзбекистон паспортининг жаҳон рейтингидаги ўрни маълум бўлганди. Мамлакат фуқаролари 25 та давлатга визасиз ташриф буюриши мумкин, шунингдек, 44 та давлатга келгандан сўнг виза расмийлаштириш керак бўлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон мобил интернет нархи бўйича жаҳон рейтингида кўтарилгани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: