20:12 | 26.02.23
Сув тошқинига кемирувчилар сабаб бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган
Қорақалпоғистон прокуратураси каналда сув кўпайиши сабабли 24 февраль куни Тўрткўл тумани, Калта минор овулида жойлашган уйларни ҳамда экин майдонларини сув босганлиги юзасидан жиноят иши қўзғатди.
Аниқланишича, 24 февраль куни тунги соат 03:00 ларда «Калтаминор-1» каналининг ўнг қирғоғида сувнинг кўтарилиши ҳисобига кенглиги 5 метр, чуқурлиги эса 1,78 метр бўлган сув тошиб чиқиш ҳодисаси содир бўлган. Натижада Калта минор овулида яшовчи 7 нафар фуқаронинг уйи ва ёрдамчи хўжалик иншоатларига зарар етган. Сув тошқини оқибатида жароҳатланган фуқаролар бўлмаган.
ФВВ томонидан шу кунни ўзидаёқ сув тошқини бартараф этилиб, тўпланиб қолган сувдан ҳовли ер майдонлари тозаланган. Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши хабарига кўра, канал қирғоғида кемирувчилар уй қургани сабабли, уларнинг уяси орқали сув ёриб чиққан бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган.
Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Тўрткўл туман прокуратураси томонидан «Пахта Арна Найман» ирригация тармоқлари бошқармаси ва Тўрткўл туман Ирригация бўлими мансабдор шахслари ҳамда бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 203, 207 ва 229-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, жиноят иши доирасида фуқароларга етказилган зарарни аниқлаш юзасидан экспертиза ҳам тайинланган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: