«Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинди, деб хабар берди ЎзА.
Ҳужжатга мувофиқ 2023 йил 1 апрелдан бошлаб:
- ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи (ходим) оила аъзоларига бирйўла бериладиган нафақа марҳумнинг охирги эгаллаган лавозими бўйича маоши ва ҳарбий (махсус) унвони маоши йиғиндисининг 150 баравари миқдорида;
- ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) давлат мажбурий шахсий суғуртаси доирасида ҳарбий хизматчи (ходим) ҳалок бўлганда тўланадиган суғурта суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида;
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига улар томонидан белгиланган миқдорларда (меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 50 фоизигача бўлган суммадан ошмаган ҳолда) маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) тегишли ҳудудда истиқомат қилувчи оила аъзоларига ҳар ой тўланадиган нафақа тайинлаш тартибини белгилаш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, 2023 йил 1 майдан бошлаб:
- оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ҳар бир аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун олинадиган пул таъминотининг (иш ҳақининг) 50 фоизи миқдорида белгиланади;
- оила аъзолари (ота-онаси, турмуш ўртоғи, 23 ёшга тўлмаган фарзандлари) даромадлар қайси ойда олинган бўлса, ўша ойда ҳар бир ой учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади;
- белгиланган тартибда турар жойга муҳтож деб тан олинган тақдирда, турар жой билан биринчи навбатдаги тартибда таъминланади;
- қонунчиликда белгиланган ҳарбий хизматчиларга (ходимларга) турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш тартибига мувофиқ узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитларини олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади;
- ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) янги никоҳга кирмаган турмуш ўртоғи ва (ёки) ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) қарамоғида бўлган ота-онасидан бирига Қуролли Кучларнинг ҳарбий хизматчиларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсациясини тўлаш тартиби татбиқ этилади (мулкида тураржой бўлмаган тақдирда).
Шунингдек, 2023 йил 1 июндан бошлаб:
- ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) фарзандлари мактабгача таълим муассасаларида бепул тарбияланиши, шунингдек, профессионал ва олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида қўшимча квоталар бўйича таълим олиши таъминланади;
- ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) ота-оналарига йилига икки марта темир йўл ва ҳаво йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзоларига:
- ушбу ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) хизматни ўтаган масъул вазирлик ва идораларнинг тиббиёт муассасаларида бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади, шунингдек, тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари доирасида тиббий ёрдамни устувор равишда олиш ва навбатдан ташқари шифохонага ётқизиш имконияти яратилади;
- юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатувчи тиббиёт ташкилотлари томонидан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул тиббий ёрдам кўрсатилади;
- навбатдаги йиллик меҳнат таътилидан қулай вақтда фойдаланиш, шунингдек, йилига икки ҳафтагача муддатга иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил олиш ҳуқуқи берилади.
Масъул вазирлик ва идоралар давлат бюджетидан уларга ажратилган маблағлар ва бюджетдан ташқари манбалари ҳисобидан ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) оила аъзолари учун уларнинг мурожаатларига асосан қуйидагилар таъминланади:
- Ўзбекистон ҳудудидаги санаторий-курорт муассасалари ва болаларни соғломлаштириш оромгоҳларида йилига бир марта бепул соғломлаштириш;
- шифокорларнинг рецептларига асосан 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларини (йилига бир марта), тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламаларини олиб бериш ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатларини қоплаш;
- оғир ташхисли касалликлари ҳамда ногиронлиги бўлганларга шифокорларнинг рецептларига мувофиқ, йилига бир марта дори воситаларининг 50 фоизигача бўлган суммасини компенсация қилиш.
Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси ва Электрон технологияларни ривожлантириш маркази ҳар бир ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) оиласини оталиққа олади.