10:44 | 03.06.23
Музокаралар сўнггида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Жорий йилнинг 31 май куни Римнинг етакчи тадқиқот ва таҳлилий марказлари таркибида Ўзбекистон делегациясининг Италиянинг Осиё ва Aфрика Ўртаер денгизи институти (ISMAA) вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Осиё ва Aфрика Ўртаер денгизи институти 2017 йилда ташкил этилган нотижорат таҳлил марказидир. Институтнинг мақсади Италия, Осиё ва Aфрика мамлакатлари ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш, иқтисодиёт ва маданият, фан ва тадқиқот соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдир.
Тадбирда Италиянинг Ташқи ишлар вазирлиги, етакчи компаниялар, илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, шунингдек, ISMAA экспертлари иштирок этди.
Учрашув иштирокчиларининг вакиллик таркиби Ўзбекистон-Италия муносабатларини чуқурлаштириш масалалари, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, Брюссел ва Римнинг минтақа барқарор ривожланишини таъминлашдаги ролини атрофлича муҳокама қилиш имконини берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Aрипов суҳбат давомида икки халқ ўртасидаги муносабатлар кўп асрлик дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларга эга эканлигини таъкидлади.
Бугунги кунда мамлакатларнинг ўзаро ҳамкорлиги янги мазмун билан тўлдирилиб, вазирлик ва идоралар, ҳудудлар даражасида, шунингдек, Ўзбекистон ва Италия ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорлик изчил кенгаймоқда.
СМТИ директори минтақавий ҳамкорлик ҳақида гапирар экан, бугунги кунда Марказий Осиё тобора мустаҳкамланиб, ички ва ташқи таҳдидларга чидамли бўлиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Элдор Aрипов Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолатига алоҳида баҳо берар экан, икки минтақа ўртасидаги кўп томонлама мулоқот сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.
Бугунги кунда ЕИ минтақанинг асосий савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан бири ҳисобланади. Марказий Осиёдаги умумий ташқи савдо ҳажмининг учдан бир қисмидан ортиғи, шунингдек, барча жалб қилинган инвестицияларнинг 40%дан ортиғи Европа Иттифоқи ҳиссасига тўғри келади.
Ўз навбатида, Италия томони сўнгги йилларда Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёда рўй бераётган ижобий ўзгаришларга Рим томонидан катта қизиқиш борлигини тасдиқлади.
Италиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Р.Манар Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бутун минтақага сезиларли таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. «Барқарорлик ва аниқлик» Ўзбекистон шарофати билан бутун Марказий Осиё минтақасининг ўзига хос белгисига айланиб бормоқда. Италия уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва минтақанинг барқарор ривожланиши учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр.
Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Осиё ва Aфрика Ўртаер денгизи институти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ҳужжат доирасида қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, уларнинг натижаларини нашр этиш, икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалаларига бағишланган конференция ва давра суҳбатлари ўтказиш режалаштирилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: