11:23 | 06.07.23
Шуҳрат Абдуллаев 2018-2020 йиллар мобайнида Урганч шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган.
Хоразм вилоятининг Урганч шаҳри ҳокими лавозимида ишлаган Шуҳрат Абдуллаев 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Олий суд 4 июл куни жиноят ишлари бўйича Хива туман судида судланувчи Шуҳрат Абдуллаевга (1967 йилда Хоразм вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, 2018-2020 йиллар мобайнида Урганч шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган) оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни тугаганини маълум қилиб, суд ҳукмини эълон қилди.
Ҳукмга кўра Шуҳрат Абдуллаев Жиноят кодексининг 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» банди ва 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми «а», «б» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга 2 йилга муайян ҳуқуқдан, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида мансабдор ва моддий жавобгар шахс лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Олий суд қарордан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Хоразм вилоят судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест билдиришга ҳақлилигини маълум қилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: