15:06 | 08.09.23
Бошқарма бошлиғи «Док-1 Макс»нинг заҳарли экани юзасидан огоҳлантирилгани, аммо ҳеч қандай чора кўрмагани айтилмоқда.
Самарқанд вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори М.Азизов томонидан «Док-1 Макс»нинг заҳарли экани ҳақида огоҳлантирилган, аммо бунга жавобан ҳеч қандай чора кўрмагани айтилаётган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Ж.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бу ҳақда «Док-1 Макс» иши бўйича навбатдаги суд мажлисида раислик этувчи Мусо Юсупов маълум қилди, дея хабар берди «Daryo.uz» мухбири.
Қайд этилишича, бу маълумот суд ишига раислик қилувчи Мусо Юсупов томонидан судланувчилардан бирининг заҳарли сироп ҳақида жамоатчиликни хабардор қилган самарқандлик шифокорларни, масъулларни судга чақириш ҳақидаги илтимосномасига жавобан янграган.
2022 йилнинг декабр ойида ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги дорихоналардан харид қилинган «Док-1 Макс» таблетка ва сироп дори воситалари билан боғлиқ хабарлар тарқалганди.
Тармоқларда тарқалган мазкур хатда Самарқанд вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи охирги икки ойда 21 киши шу дори воситаси қабулидан сўнг шикоят қилгани, 17 нафар боланинг аҳволи ўта оғир бўлиб, уларнинг 15 нафарида ўлим ҳолати кузатилганини маълум қилган.
Бош шифокорнинг бу маълумотлари расмий хат сифатида 2022 йилнинг 15 декабр куни 416-рақам билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Ҳ.Жуманиёзовга юборилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: