14:06 | 06.05.21
У орқали иқтисодиётнинг барча соҳаларида тўловни амалга ошириш мумкин
Қозоғистон Миллий банки мамлакатда муомалада бўладиган янги турдаги валюта — рақамли тенгени жорий этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Zakon» нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, рақамли тенгелар нақд ёки нақдсиз пулларни алмаштириш учун мўлжалланмаган бўлиб, улар билан параллел равишда ишлатилади. Уларни чиқаришнинг энг кенг тарқалган сабаблари молиявий хизматларнинг мавжудлигини, тўловлар самарадорлигини ошириш ва трансчегаравий тўлов тизимларини ривожлантиришдан иборат.
«Рақамли тенгенинг жорий этилиши миллий тўлов тизимининг янада ривожланишини таъминлаб, бир қатор ўзига хос технологик хусусиятлар учун нақд тўловларга боғлиқликни камайтиради», — дейилади Миллий банк хабарида.
Қайд этилишича, айни пайтда Миллий банк рақамли валюталарнинг фойдалари ва хатарлари, уларни чиқариш ва тарқатиш усули, ишлатилаётган технологиялар, пул-кредит сиёсати, молиявий барқарорлик ва тўлов хизматлари бозорига таъсирини ҳар томонлама ўрганмоқда. Миллий валютанинг янги туридан эса иқтисодиётнинг барча йўналишларида тўловлар ва ҳисоб-китобларни амалга оширишда фойдаланиш мумкин бўлади.
Маълумотларга кўра, рақамли тенге ягона электрон рақамли кетма-кетлик форматида чиқарилади, у алоҳида электрон ҳамёнларга ёзилади ва улар орасида ҳаракатланиши мумкин. Миллий банк рақамли платформани технологик татбиқ этишнинг бошқа вариантларини ҳам кўриб чиқади. Aлоҳида таъкидланишича, рақамли тенгалар электрон пуллардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Аввалроқ Швеция нақд пулдан воз кечмоқчилиги маълум қилинган. Шунингдек, биткоин нархи 2020 йилда 20 минг долларга кўтарилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: