10:54 | 23.09.23

                       

Болалар овқат ё доридан заҳарланмаган — Элмира Боситхонова

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари заҳарланган болалардан 85 фоизининг соғлиғи жойидалигини маълум қилди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида ташкил этилган матбуот анжуманида Чуст туманидаги таълим муассасалари тарбияланувчиларида кузатилган заҳарланиш ҳолатлари овқат ёки дори сабабидан келиб чиқмаганини маълум қилди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Наманганда ташкил этилган очиқ мулоқот чоғида журналист ва блогерлар вазир ўринбосарига болаларнинг заҳарланиши билан боғлиқ ҳолат бўйича қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилган.

Боситхонова заҳарланиш ҳолатлари дори воситалари ёки овқатдан келиб чиқмаганини алоҳида таъкидлаб, ҳозирда 20 га яқин анализ хулосалари олингани ва чуқурлаштирилган таҳлиллардан сўнг вазиятга аниқлик киритишини билдирган.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли хабарларга ишонавермаслик, бундай жараёнда фақатгина мутахассисларнинг фикрига таяниб ахборот тарқатилиши керак. Айни пайтда саломатлигидан шикоят қилиб келаётган ёш болаларнинг 85 фоизи соғлиғи жойида, уйларига қайтишга бирин-кетин рухсат берилмоқда. Қолганлари куннинг бошида рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг ҳам аҳволи яхшиланиб бормоқда», – дейди Элмира Боситхонова.

Эслатиб ўтамиз, 21 сентябр куни Наманган вилояти Чуст туманидаги бир нечта таълим муассасаларида болалар ўртасида бош оғриғи, қусиш ва тана ҳароратининг кўтарилиши ҳолатлари кузатилиб, 71 киши шифохонага ётқизилган. Вазиятни шахсан соғлиқни сақлаш вазири ўз назоратига олган. Кейинроқ касалланган болалардан 10 нафари соғайиб, уйига рухсат берилган. Кеча, 22 сентябр куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги лаборатор текширувлар натижаси чиққунга қадар таълим муассасаларида тарқатилган «Антиструмин» дори воситалари истеъмолини зудлик билан тўхтатиб туришга чақирди. Президент Шавкат Мирзиёев эса Чуст туманидаги болалар заҳарланиши билан боғлиқ ҳолатдан қаттиқ ташвишда эканини билдириб, уларнинг тез орада соғайиб кетишини тилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: