18:28 | 22.09.23

                       

ССВ таълим муассасаларида йод препаратлари истеъмолини зудлик билан тўхтатишга чақирди

Аввалроқ Наманганда 71 нафар бола заҳарлангани ҳақида хабар берилганди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармаларини зудлик билан «Антиструмин» дори воситалари истеъмолини тўхтатишга чақирди. Бу бўйича вазирликнинг тегишли кўрсатмаси берилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Қайд этилишича, 21 сентябр куни Наманган вилояти Чуст туманидаги бир нечта таълим муассасаларида болалар ўртасида тана ҳароратининг кўтарилиши, бош оғриғи ва қусиш аломатлари кузатилган ва бунга сабаб қилиб боғча ва мактабларда тарқатилган «Антиструмин» дори воситалари кўрсатилган.

Шунга асосан, вазирлик «Антиструмин» дори воситаларининг лаборатор текширувлари хулосаси чиққунга қадар барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри Соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақсимот қилинган ушбу дори воситаларининг истеъмолини зудлик билан тўхтатиш ҳамда тақсимот қилинган ҳудудларда ҳам бу ҳақда тегишли топшириқлар беришни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда болаларнинг заҳарланиши ҳолатини шахсан соғлиқни сақлаш вазирининг ўзи назоратга олгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, болалардан 10 нафари соғайиб, уйига рухсат берилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: