19:11 | 25.10.23

                       

Тошкентда ландшафт архитектураси бўйича ишлар режаси муҳокама қилинди

Туркиянинг бир қанча ландшафт архитектура компаниялари билан бўлган учрашувда «Яшил макон» миллий дастурини амалга оширишга оид маълумотлар тақдим этилган.

Шу йилнинг 23 октябр куни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Туркиянинг Minvall Construction, ISHIK Peyzaj ва Meta Peyzaj Planning ландшафт архитектура компаниялари раҳбарлари билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Учрашувда ландшафт архитектураси соҳасида дастурий таъминот ва тизим интегратори ҳамда ободонлаштириш соҳаси корпоратив сектори, дастурни амалга ошириш учун мутахассисларни жалб этиш ва лойиҳаларни мувофиқлаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилган.

Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида янги ишлаб чиқариш тармоқларини шакллантириш, «Яшил макон» умуммиллий дастурини амалга оширишга оид маълумотлар тақдим этилган.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Жумладан, шаҳар ва аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш бўйича иш режаси кўриб чиқилиб, 2030 йилгача «яшил иқтисодиёт»га ўтиш бўйича қабул қилинган стратегиянинг муҳим жиҳатлари, самарали ва экологик тоза иқтисодиётни таъминлашда ўзаро боғлиқ муаммо ва эҳтиёжлар мавжудлиги қайд этилган.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Қолаверса, йирик шаҳарлар, шаҳарчалар ва бошқа аҳоли пунктлари бўйлаб яшил боғлар, яшил белбоғлар, яшил ҳудудларни муҳофаза қилиш муҳимлиги, маҳаллий тадбиркорлар учун ҳам, хорижий инвесторлар учун ҳам яшил ҳудудлар яратиш ташаббуси алоҳида таъкидланган.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Маълумот учун, Minvall Construction, ISHIK Peyzaj вa Meta Peyzaj Planning замонавий архитектура, шаҳар дизайни ва ландшафт архитектураси соҳасидаги турк инновацион компаниялари бўлиб, турар жой майдонларини қуриш билан шуғулланади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: