10:37 | 04.11.23

                       

Самарқандда қамоқдан чиққан аёл реабилитация марказида ўғрилик қилди

Bugun.uz’даги маълумотларга кўра, у марказ раҳбарининг кўрсатмаси билан шеригининг телефонини ўғирлаганини даъво қилган.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида қамоқдан чиққан аёл реабилитация марказида ўғрилик содир этди. Bugun.uz’га етиб келган маълумотларга кўра, 28 ёшли аёл муқаддам Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) билан судланиб, 4 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Икки йилдан сўнг эса шартли равишда озод қилинган.

Турмушидан ажрашган, икки болали аёлни ўгай отаси ва акалари уйига киритишни истамаган. Шу сабабли у 2022 йилнинг декабр ойида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига жойлаштирилган. У 2023 йил 13 апрелгача марказда яшаб келган ва муддати тугагач, ижара уйга кўчиб чиққан.

Кейинроқ у реабилитация марказида яшаган вақтида қўшни хонадаги аёлнинг телефонини ўғирлаганликда айбланиб суд қилинган. Гувоҳ ва жабрланувчи унга қарши кўрсатма берганида, аёл телефонни марказ бошлиғининг кўрсатмаси бўйича ўғирлаганини айтган. Унинг даъво қилишича, марказ раҳбари жабрланувчи билан телефон суҳбатини ўчириб юбориш учун ундан телефонни ўғирлашини сўраган. Бунинг эвазига эса реабилитация марказида кўпроқ вақт яшашига рухсат беришини айтганини таъкидлаган. Бироқ аёлнинг бу кўрсатмаси судда тасдиғини топмаган ва у Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан айбли деб топилиб, уч миллион сўм жарима ва икки йил бир ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган.

Шунингдек, аёлнинг кичик фарзанди (2021 йил 10 сентябрда туғилган) уч ёшга тўлгунга қадар жазо ижроси кечиктирилиши белгиланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: