23:15 | 08.07.24

                       

«Жиззах сув таъминоти» АЖ ходимлари тадбиркор ва унинг ишчилари томонидан калтакланди

«Жиззах сув таъминоти» АЖ ходимлари тадбиркор ва унинг ишчилари томонидан калтакланди. Жароҳатланган ходимлар шифохонага ётқизилган (видео).

Жиззахда ходимларни дўппослаган тадбиркор ва унинг ишчиларига терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2024 йилнинг 6 июль куни «Жиззах сув таъминоти» АЖ томонидан тузилган ишчи гуруҳи Дўстлик туманида рейд тадбирини ўтказиш чоғида тадбиркор ва унинг қўл остида ишловчи ишчилари томонидан аёвсиз калтакланган.

Маълумотларга кўра, туманидаги «Фориш» хусусий чойхонасининг иккита филиалида назорат тадбирини ўтказишганда ҳар иккала ҳолатда ҳам тадбиркор томонидан сувдан нооқилона фойдаланаётганлиги аниқланган.

Жумладан, чойхонанинг биринчи филиалида тадбиркор онлайн ҳисоблаш ускунасини ўрнатмасдан, камига назорат ҳамда давлат стандарти муҳри ўрнатмай, қонунга хилоф равишда ичимлик сувидан фойдаланиб келган. Бундай ҳолат бўйича тадбиркор аввал ҳам огоҳлантирилган ва акциядорлик жамиятига етказилган зарарни тўлаш хусусида тегишли ҳужжат расмийлаштиришда икки ходимни уриб тан жароҳати етказган.

Иккинчи ҳолатда ҳам тадбиркор «Фориш» чойхонасининг иккинчи филиалида ҳисоблаш ускунасига назорат тамғасини ўрнатмасдан сувдан нооқилона фойдаланиб келган. Аниқланган ҳолат бўйича етказилган зарарни ҳисоблаш ва далолатнома расмийлаштишда тадбиркор сув таъминоти ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, жанжал кўтарган.

Бундан ташқари, ходимларни тадбиркор ишчилари билан бирга калтаклаган. Бу ҳам етмаганидек, ташқарида турган ишчи гуруҳ аъзоларини ҳам оммавий тарзда дўппослашган.

Айни пайтда ходимлар шифохонага ётқизилган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: