21:32 | 24.09.24

                       

Ирландия Uzbekistan Airways’га иккита самолёт беради

Ирландия Uzbekistan Airways’га иккита самолёт беради. Жаҳоннинг етакчи авиация лизинг компанияларидан бири билан шартнома имзоланди.

Uzbekistan Airways SMBC Aviation Capital билан Airbus A321 NEO ҳаво кемаларини етказиб бериш бўйича шартнома имзолади.

Uzbekistan Airways жаҳоннинг етакчи авиация лизинг компанияларидан бири бўлган SMBC Aviation Capital билан 2026 йилга мўлжалланган ва тўғридан-тўғри SMBC Aviation Capital компаниясининг Airbus буюртмалари портфелидан амалга ошириладиган иккита Airbus A321 NEO ҳаво кемаларини етказиб бериш бўйича лизинг шартномасини имзолади.

Airbus A321 NEO авиалайнерлари Uzbekistan Airways учун янги турдаги ҳаво кемаси бўлиб, авиакомпанияга Европа ва Жануби-Шарқий Осиё йўналишларини кенгайтириш имконини беради.

«Uzbekistan Airways авиакомпанияси Марказий Осиё минтақасида авиаташувлар бўйича етакчи бўлишни ўз олдига катта мақсад қилиб қўйган. Йўналишлар тармоғини доимий равишда кенгайтириш, парвозлар сонини кўпайтириш ва уларни янги Airbus А320/А321 NEO оиласига мансуб ҳаво кемаларида самарали амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу турдаги ҳаво кемалар қулай парвоз ва ёқимли саёҳат учун зарур шароитларни таъминлайди. Биз, шубҳасиз, SMBC Aviation Capital’дан янги ҳаво кемани олиш орқали бу мақсадларнинг барчасига эришамиз», — деди Uzbekistan Airways бошқаруви раиси Шуҳрат Худойқулов.

«Биз Uzbekistan Airways авиакомпаниясини SMBC Aviation Capital’нинг янги мижози сифатида қутлашдан мамнунмиз ва узоқ муддатли ҳамда муваффақиятли ҳамкорликка умид қиламиз. А321 NEO ҳаво кемаларнинг янги технологик ва тежамкор моделлари Uzbekistan Airways авиакомпаниясига Жануби-Шарқий Осиё ва Европадаги йўналишлар тармоғини кенгайтиришга ёрдам беради», — деди SMBC Aviation Capital авиация маркетинги бўлими раҳбари, Конор Стаффорд.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: