11:47 | 23.09.24
Олмалиқда ихтисослашган мактаб ўқувчилари сувдан заҳарланди.
Болалар омбудсмани Олмалиқ шаҳридаги ихтисослашган мактабда содир бўлган ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини бошлади.
Маълум бўлишича, Олмалиқ шаҳридаги ихтисослашган мактаб ўқувчилари мактаб ҳудудидаги фильтрланмаган сув истеъмол қиган. Оқибатда соғлиғидан шикоят қилиб, 15 сентябрь кунидан 19 сентябрь кунига қадар 12 нафар ўқувчи ўткир ичак касаллигига гумон қилиниб, юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилган.
Аниқланишича, ҳозирда мактаб ўқувчиларининг соғлиғи ижобий бўлиб, уларнинг 7 нафарига уйида даволанишга жавоб берилган.
Ҳолат юзасидан Соғлиқни Сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан текшириш ишлари олиб борилиб, сувдан, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа воситалардан кимёвий таҳлил учун намуналар олинди.
Шунингдек, мазкур вазият вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг ишчи гуруҳи томонидан ўрганилмоқда. Ҳозирда ҳолат юзасидан Олмалиқ туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Бу борада қўшимча ахборот берилади, дейилади хабарда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: