21:45 | 24.09.24

                       

Самарқандда эркак жиянига зўравонлик қилиб келаётгани аниқланди

Самарқандда эркак вояга етмаган жиянига зўравонлик қилиб келаётгани аниқланди. Йигит профилактика инспекторига мурожаат қилса-да, ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Самарқандда 2008 йилда туғилган ўғил болага тоғаси тазйиқ ва зўравонлик қилиб келаётгани аниқланиб, ҳимоя ордери берилди. Бу ҳақда болалар омбудсмани хабар берди.

Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманида яшовчи, тумандаги мактабнинг 10-синфида ўқувчи вояга етмаган Б.М.дан мурожаат келиб тушган. Унда ота-онаси ажрашганини, акаси Россияда ўқиётгани сабабли онаси ҳам у ерга кетганини, ўзи эса бувиси билан бирга яшашини маълум қилган.

Қўшни ҳовлида яшовчи тоғаси М.А унга жисмоний тазйиқ ўтказиб, бир неча бор тан жароҳати етказганини, уни ҳақорат қилиб, уйидан ҳайдаб чиқаришга уринаётганини билдирган. Шунингдек, ҳолат юзасидан профилактика инспекторига мурожаат қилса-да, ҳеч қандай чора кўрилмаганини айтиб, тоғасининг тазйиғига нисбатан чора кўришни сўраган.

Болалар омбудсмани сўрови асосида мазкур ҳолат юзасидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Ички ишлар вазирлиги томонидан ўрганиш ўтказилган. Жумладан, агентликнинг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда Паст Дарғом тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази масъуллари томонидан ҳолай жойига чиқиб ўрганилганда, М.А. томонидан вояга етмаган Б.М. ва унинг бувиси Х.М. га нисбатан тазйиқлар ўтказиб келингани тасдиқланган.

19 сентябрь куни тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш ва қайта такрорланишига қарши ҳимоя ордери расмийлаштирилган.

Қайд этилишича, М.А.нинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида ҳозирда Паст Дарғом тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: