9:11 | 15.07.24

                       

Тошкентда 688 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлар ушланди

Тошкентда 688 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлар ушланди. Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Тошкентда 3 та юридик истеъмолчининг шартнома ва лойиҳа ҳужжатларисиз газ тармоғига уланиши натижасида 688 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, «Ўзенергоинспекция» Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан вилоятда ўтказилган тезкор назорат тадбирларида истеъмолчиларнинг шартнома ва лойиҳа ҳужжатларисиз ўзбошимчалик билан тармоққа тўғридан-тўғри уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, Чиноз туманида жойлашган Нефтни қайта ишлаш заводи (271,1 млн сўм), Зангиота туманида жойлашган «Ш.-Б. А.» фермер хўжалиги (209,6 млн сўм) ҳамда Ўрта Чирчиқ туманида фуқаро М.А. га қарашли фермер хўжалиги (208 млн сўм) томонидан жами 688 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани маълум бўлди.

Mазкур ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Ҳудудларда назорат тадбирлари давом этмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: