8:18 | 17.07.24
Тошкентда чиқиндихона ташкил этган шахс озодликдан маҳрум қилинди. Ундан давлат фойдасига 3 миллиард сўм зарар ундирилиши белгиланган.
Тошкентда ноқонуний чиқиндихона ташкил этган фуқаро 3 йилу 9 ойга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Экология вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент вилоятида Чирчиқ дарёси ўзанида туман ҳокимлиги захирасида бўлган ер майдонини 2023 йилнинг май ойидан 2024 йилнинг январь ойига қадар ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ҳеч қандай махсус рухсатномаларга эга бўлмасдан ноқонуний чиқиндихона ташкил қилган ҳуқуқбузарга суд ҳукми ўқилди.
Судда М. Д.нинг ноқонуний чиқиндихона ташкил қилганлиги, ҳудудга чиқиндиларни маълум маблағ эвазига жойлаштириб келганлиги ўз исботини топган. Фуқаро дарёга 126.433,70 м3 чиқинди ташланганлиги оқибатида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги 202-сонли қарорига асосан ҳисоб-китоб натижаларига кўра, давлат манфаатларига 3 миллиард 68 миллион 206 минг 171 сўм миқдорда зарар етказган.
Шунингдек, М.Д. «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддаси ҳамда «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонуннинг 41-моддасини қўпол равишда бузган.
Суд Жиноят Кодексининг 59, 61-моддаларига асосан ҳуқуқбузарни 3 йилу 9 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди. Шунингдек, ундан давлат фойдасига 3 миллиард 68 миллион 206 минг 171 сўм зарар ундирилиши белгиланган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: