20:39 | 19.07.24

                       

Бекободда МЧЖ 1 млрд 82 млн сўмлик кредит маблағини талон-торож қилди

Бекободда МЧЖ 1 млрд 82 млн сўмлик кредит маблағини талон-торож қилди. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бекобод туманида кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Бекобод туманидаги сут ва сут маҳсулотлари етиштириш ҳамда наслли чорва молларни кўпайтириш билан шуғулланувчи «БФ» МЧЖга Австрия давлатидан 65 бош наслли, йирик шохли чорва моллари олиб келиш мақсадида 2020 йилда банк томонидан 7 йил муддатга 1 миллиард 680 миллион сўм кредит маблағлари ажратилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилдаги 280-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан, хориждан келтирилган чорва моллари учун 116 миллион сўмлик субсидия маблағи ҳам ажратилган.

Аммо, МЧЖ томонидан банкка тақдим қилинган бизнес режада кўрсатилган сут маҳсулотлари етиштириш ва наслли молларни кўпайтириш, уларни 2 авлод олгунгача сақлаш билан боғлиқ ишлар амалга оширилмасдан, аксинча, 44 бош наслли, йирик шохли чорва моллари нақд пулга сотиб юборилган. Бунинг натижасида 1 миллиард 82 миллион сўмлик кредит маблағлари талон-торож қилинган.

Ажратилган кредит маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан банк томонидан керакли даражада мониторинг ишлари олиб борилмаган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ҳамда 19211-моддаси 2-қисми «а» банди билан, банк мансабдорларига нибатан эса Жиноят Кодексининг 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: