13:30 | 26.07.24
Қорақалпоғистонда ҳоким ўринбосари жавобгарликка тортилди.
Шуманай тумани ҳокими ўринбосари МЧЖ раҳбари «Тадбиркор виртуал офиси» орқали йўллаган мурожаатини бир ойдан ортиқ вақт ўтгандан кейин кўриб чиққани учун жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман хабар берди.
Маълум қилинишича, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 27 моддасида (Мурожаатларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш тартиби) тасдиқланган. Унга кўра, мурожаатларни кўриб чиқишдан сўнг давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари ҳар бир ариза ва шикоят бўйича қарор қабул қилади. Бу ҳақда мурожаатчига дарҳол ёзма ёки электрон шаклда хабар етказади.
Қонуннинг 28 моддасида (Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари) эса ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш ёки текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда, 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган.
Мансабдор шахс юқоридаги ҳаракати орқали «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун талабларини бузиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 43 моддасида (Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этгани учун унга нисбатан Бизнес-омбудсман девони томонидан маъмурий баённома тузилган.
Маълумот ўрнида, жорий йил бошидан бугунги кунга қадар Қорақалпоғистонда мансабдор шахслар томонидан жами 88 та ҳуқуқбузарлик содир этилган. Бизнес-омбудсман девони томонидан уларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома тузилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: