12:56 | 21.08.24

                       

Маймун чечак ҳам COVID-19 пандемияси даражасидаги глобал муаммоми?

«Юқумлироқ ва нисбатан оғирроқ асоратларни келтириб чиқаряпти». Маймун чечак ҳам COVID-19 пандемияси даражасидаги глобал муаммоми?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге дунёнинг қатор мамлакатларида mpox (маймун чечаги) вируси тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазият юзасидан баёнот берди.

Унинг қайд этишича, ваҳимага берилишга ҳожат йўқ. Mpox эпидемиясини тўхтатиш имкони бор. Бунинг учун зарур профилактик чора-тадбирлар кучайтирилиши керак. Инфекция ўчоқлари аниқланган ва вирус тарқалиши хавфи юқори ҳудудларда вакциналар таъминотини ошириш лозим.

«Маймун чечаги коронавирус даражасидаги ўта жиддий муаммо эмас, — дейди Ханс Клюге. — Биз mpox вируси билан қандай курашишни биламиз».

Баёнотга кўра, июнь ойи охирига келиб, жами 116 мамлакат, жумладан, Марказий Африка Республикаси, Бурунди, Кения ва Руандада касалланиш ҳолатлари қайд этилган.

Ҳозир қатор давлатларда вируснинг «Clade Ib» деб номланган янги штамми тарқаляпти. Ушбу мутация Конго Демократик Республикасида 500 кишининг ўлимига сабаб бўлди. Август ойи бошида Швецияда ҳам маймун чечагининг худди шу турини юқтирган беморлар рўйхатга олинди.

Британиялик олимлар фикрича, «Clade Ib» мутацияси бошқа штаммларга қараганда юқумлироқ ва нисбатан оғирроқ асоратларни келтириб чиқаряпти.

«Шунга қарамай, Х. Клюге mpox вирусининг ҳар қандай штаммини тегишли эпидемиологик чора-тадбирлар ҳамда хасталикка қарши вакциналар орқали назорат қилиш ва жиловлаш мумкин», деган хулосада.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: