21:05 | 09.04.21

                       

Бугун оқшоми. Президентнинг бир ҳафтаси, бузилаётган «Наврўз», Индонезиядаги Имом Бухорий масжиди ва 9 апрелнинг муҳим хабарлари

Куннинг энг қайноқ ва долзарб хабарларини ушбу дайжестга жойладик

Апрель ойининг иссиқ, шовқин-суронли ва хабарларга бой ўтган яна бир куни ортда қолди. Ушбу куннинг асосий хабарлари билан қуйидаги дайжест орқали танишиб чиқишингиз мумкин.

Расмий ташрифлар: Шавкат Мирзиёев Россия ва Кореяга, Танзила Норбоева Россияга, Абдулазиз Комилов эса Қатарга боради.

Президентга янги матбуот котиби тайинлангандан сўнг Мирзиёевнинг яқин келажакдаги иш режасини эълон қилиш одатга айланиб бормоқда. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўтказган брифингда Шавкат Мирзиёев Россия ва Жанубий Кореяга расмий ташриф амалга ошириши айтиб ўтилди. Ташрифларнинг аниқ санаси маълум қилинмаган. Бундан аввалроқ Президент иккила давлатнинг ҳам делегациясини қабул қилган эди.

Фото: Президент матбуот хизмати

13–14 апрель кунлари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг раиси, Швеция ташқи ишлар вазири Анн Кристин Линденинг ташриф буюриши ва у Шавкат Мирзиёев қабулида бўлиши режалаштирилган. Бундан ташқари, келаси ҳафта Мирзиёевнинг Покистон бош вазири Имрон Хон билан видеомулоқоти мўлжаллангани маълум қилинди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 10–11 апрель кунлари амалий ташриф билан Қатарда бўлади.

Фото: «Sputnik»

Ташриф давомида Ўзбекистон–Қатар муносабатларининг сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилиниши кўзда тутилган.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация Россияга ташриф буюради. Қайд этилишича, 15–16 апрель кунлари Норбоева бошчилигидаги делегация Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблеясининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиши режалаштирилган.

Фото: Олий Мажлис сенати ахборот хизмати

Бундан ташқари, Россия Федерал мажлиси Федерация кенгаши раиси ва Давлат думаси спикери билан учрашув ҳам бўлиб ўтади.

«Тошкент метрополитени» Россиядан 53 миллион еврога метро поезди харид қилди. Улар 5 тадан икки марта, йил охиригача етказилиши режалаштирилган. Ушбу шартнома «Тошкент метрополитени» УК ва «Метровагонмаш» АЖ ўртасида тузилган. Унинг молияси эса «Ривожланиш ва ташқи иқтисодий ишлар банки» давлат корпорацияси (30,40 миллион евро) ва Россиянинг экспорт-импорт банки (22,40 миллион евро) манбалари ҳисобидан амалга оширилади.

2021 йилнинг ёзида 5 таси, охиригача эса яна 5 таси етиб келиши кутилаётган метро поездлари ерусти линиясига қўйилади.

Ярим тунда бузилиши бошланган Тошкент шаҳридаги «Наврўз» қабуллар уйи ўрнида кутубхона қурилиши маълум бўлди.

Эрталабдан ижтимоий тармоқларда муҳокамаси бошланган «Наврўз» қабуллар уйи ўрнида 1,5 миллион дона китоб фондига эга кутубхона ва турли комплекслар қурилади. Ушбу қурилиш Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга мурожаатномасида берилган топшириғи асосида амалга оширилаётгани маълум қилинди.

Фото: Telegram

Унинг қурилиши ниҳоясига етганидан сўнг биринчи қаватда ишсизлар биржаси бўлиб ўтади. Иккинчи қаватда 2000 квадратдан кўп бўлган жойда шаҳардаги барча инвестициявий лойиҳалар тақдимоти ва давлат иштирокидаги давлат улуши бор корхоналарнинг шоуруми ташкил этилади.

Ўзбекистонда ўсимлик ёғининг нархи нима сабабдан ошиб кетди?

Ўсимлик ёғининг нархлари кескин ўсишига, биринчи навбатда, жаҳон бозорларида нархлар кескин ошиши ва ўтган ҳосил йилида етиштириш ҳажмлари нисбатан камроқ бўлгани сабаб бўлган. Шу муносабат билан, асосий етказиб берувчилардан бўлган қўшни давлатларда кунгабоқар ёғи ва уруғи экспортига юқори божхона божлари белгиланди ва у узайтирилди ҳам. Асосий сабаб — қўшнилар.

Маълумот учун, Ўзбекистон бўйича йилига 300 минг тоннадан ортиқ ўсимлик ёғига талаб бор. 2020 йилда аҳоли истеъмоли учун 450 минг тоннадан зиёд ўсимлик ёғи муомалага чиқарилган бўлиб, шундан ярмидан ортиғи импорт қилинган.

Хўш, оламда нима гап?

Индонезияда Имом Бухорий номидаги масжид очилди. Ушбу масжид Ўзбекистоннинг Индонезиядаги туризм элчиси ташаббуси билан қурилган.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати

Масжиднинг кўпроқ расмлари бу ерда.

Буюк Британия қироличаси Eлизавета II’нинг турмуш ўртоғи Филипп II 99 ёшида вафот этди. У йил бошида ўзини ёмон ҳис қилгани сабабли 1 ойча касалхонада даволанган.

Жо Байден АҚШдаги қуролли ҳужумларни мамлакат учун эпидемия, халқаро миқёсда эса шармандалик деб атади. Байден ҳужум қуролларини тақиқлашга қаттиқ киришган ва бунда у Конгресснинг қўллаб-қувватлашига муҳтожлигини айтган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: