10:33 | 27.07.21
Аввалроқ Австрия канцлери бу мамлакатни қочқинлар учун муносиб жой деб атаганди
Туркия Афғонистондаги вазият оғирлашганидан кейин бошқа мамлакатларнинг халқаро мажбуриятини ўз зиммасига олмайди ва янги мигрантлар тўлқинини қабул қилмайди. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Танжу Билгич томонидан эълон қилинган баёнотга таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Келтирилишича, бу баёнот Австрия канцлери Себастьян Курцнинг Туркияни афғон қочқинлари учун «энг муносиб жой» деб атаганига жавобан эълон қилинган.
«Туркия ҳеч қачон учинчи давлатларнинг халқаро мажбуриятларини ўз зиммасига олмайди ва янги миграция тўлқинини қабул қилмайди. Бу ҳақда барча даражадаги шерикларимизга хабар берамиз ва Туркия Европа Иттифоқи чегарачиси ёки бошпана изловчилар учун лагерга айланмаслигини таъкидлаймиз», — деган Танжу Билгич.
Аввалроқ Курц «Bild» газетасига берган интервьюсида Афғонистондан қочқинлар ёки ўз давлатларининг хавфсиз ҳудудига ёки Туркияга қочиши керак деган фикрни билдирган эди. Австрия канцлерининг сўзларига кўра, бу вариант Австрия, Германия ёки Швецияда бошпана топишга уринишдан кўра яхшироқ ҳисобланади.
Аввалроқ Марказий Осиё давлатларидан бири афғонистонлик қочқинларга бошпана беришини маълум қилганди. Шунингдек, Покистон афғонистонлик қочқинлар учун чегараларни очмаслигини маълум бўлган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: