18:25 | 17.03.21
Яна 1000 га яқин намуналарни ўрганиш жараёни кетмоқда
Америкалик ҳамда ҳиндистонлик тадқиқотчилар Халқаро космик станциянинг турли жойларидан намуналар олиб, тўртта бактерия штаммини аниқлади. Бу ҳақда «Frontiers in Microbiology»га таяниб, «Мир24» телеканали хабар берди.
Маълум қилинишича, аниқланган микробларнинг учтаси илм-фан учун мутлақо номаълум штаммлар бўлиб, барчаси ҳам тупроқда, ҳам тоза сувда учрайдиган бактериялар оиласига киради. Улар азотни қайта ишлаш ва ўсимликларнинг ўсишига кўмаклашиб, хавфли патогенлар билан курашади.
Хабарга кўра, намуналар тадқиқот станциясининг юқори панелдан, гумбаздан ҳамда овқатланиш столи юзасидан олинган. Ўрганиш давомида битта штаммнинг аввал аниқланган «Methylorubrum rhodesianum» эканлиги маълум бўлган. Аммо қолган — жараён давомида IF7SW-B2T, IIF1SW-B5 ва IIF4SW-B5 деб ном берилган штаммларни аниқлашнинг имкони бўлмаган. Улардан бирини машҳур ҳинд олими Ажмал Хон шарафига «Methylobacterium ajmalii» деб аташ таклиф қилинган.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, микроблар ўсимликларни ХКСда ўта оғир шароитларда етиштириш имконини бериши боис янги штаммларни ўрганиш учун генетик таҳлил ўтказилган. Олимлар синовларни давом эттириш ниятида. Айни пайтда яна 1000 га яқин намуналар тўпланган.
Аввалроқ Халқаро космик станциядан тарихдаги энг оғир чиқинди ташлаб юборилгани маълум қилинганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: