21:28 | 21.06.21
Бунга квартираларнинг ижара ҳақи билан боғлиқ қонун лойиҳаси сабаб бўлган
Швеция парламенти кўпчиликнинг овози билан ҳукумат раҳбари Стефан Лёвенга нисбатан ишончсизлик вотуми эълон қилиш учун овоз берди. Бу ҳақда қонун чиқарувчи орган веб-сайтига асосланиб, «РБК» хабар берди.
Маълум қилинишича, вотум эълон қилиш ташаббусини 181 парламент аъзоси қўллаб-қувватлаган, 109 киши қарши овоз берган, 51 киши эса бетараф қолган. Қайд этилишича, агар Швеция бош вазирига ишончсизлик вотуми берилса, бутун ҳукумат истеъфога чиқиши ёки қўшимча сайлов эълон қилиши керак.
Маълумотларга кўра, Швеция парламенти мамлакат тарихида биринчи марта ҳукумат раҳбарига нисбатан ишончсизлик вотуми эълон қилган. Бу бўйича сўровни Швеция демократлар партияси овозга қўйган.
Таъкидланишича, бунга уй эгаларига ижара ҳақини эркин белгилашга имкон берадиган қонун лойиҳаси сабаб бўлган. Маҳаллий «The Local» нашрининг тушунтиришича, мамлакатда ижарага беришнинг қатъий қоидалари мавжуд бўлиб, улардан бири шундан иборатки, уй эгалари ижарага берадиган турар жойи нархини мустақил белгилай олмайди, аксинча, фақат «ўртача ижара ҳақи» олиши мумкин.
Бош вазир Стефан Лёвеннинг айтишича, амалдаги ҳукуматга қарши овоз берган депутатлар асосий масалалар бўйича ҳар хил қарашларга эга ва бу табиий ҳол ҳисобланади. Маълумот ўрнида, Стефан Лёвен Швеция ҳукуматини 2014 йилнинг октябрь ойидан буён бошқариб келади.
Аввалроқ Россиянинг Швецияга ҳужум қилиши мумкинлиги хабар берилганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: