17:00 | 03.03.21

                       

Швецияда туғилган чақалоқда коронавируснинг янги мутацияси аниқланди

Бу коронавируснинг онадан болага туғилишидан олдин юқиши билан боғлиқ биринчи ҳолат ҳисобланади

Швециялик олимлар биринчи маротаба онаси CОVID-19’ни юқтириб олган янги туғилган чақалоқда SARS-CоV-2 коронавирусининг мутациясини топди. Бу ҳақда «The Conservation» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, ҳомиладор аёл кучли қорин оғриғи билан Мальмё касалхонасига ётқизилган. Болада аномал даражадаги паст юрак частоталарининг қисқариши кузатилган, натижада чақалоққа кислород етиб бориши қийинлашган. Аёл кесарча кесиш йўли билан операция қилинганидан сўнг коронавирусга текширилган. Натижада онада ҳам, болада ҳам коронавирус борлиги аниқланган.

Дастлабки таҳлиллар она ва боланинг организмидаги вируслар бир хил эканлигини кўрсатган, бироқ бир неча кун ўтгач, шифокорлар чақалоқдаги инфекция популяцияси ўзгарганлигини қайд этган. Болада дастлабки вирусдан фарқли янги штамм борлиги маълум бўлган.

«Бу — коронавируснинг ғайриоддий шароитларда, яъни, онадан болага у туғилишидан олдин ўтиши билан боғлиқ биринчи генетик ўзгариш», — деган Лунд университети шифохонаси акушер-гинекологи Мехрен Зайгам.

Мутахассиснинг қайд этишича, вирусларнинг мутацияси тез-тез учраб туради, аммо А107G номини олган янги штамм бола туғилганидан беш кун ўтгач вужудга келган. Вируснинг ўзгариши эса чақалоқнинг она қорнидаги ҳаётидан кейин янги ташқи олам билан мулоқотга киришгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Таъкидланишича, она коронавирусни енгил шаклда ўтказган. Туғруқдан тўрт кун ўтиб, тўлиқ тузалган, лекин чақалоқ белгиланган муддатдан олдин туғилгани сабаб бир неча кун давомида шифокорлар назорати остида бўлган. Кейинроқ чақалоқда вирусга қарши антитаначалар юзага келган ва касаллик жиддий асоратларсиз кечган.

Аниқланишича, коронавирусдан ҳимояни она сути эмас (сут таркибида антитаначалар аниқланмаган), балки, боланинг иммун тизими мустақил равишда таъминлаган.

Аввалроқ Германияда коронавируснинг янада юқумли мутациялари тарқалгани хабар берилганди. Шунингдек, тадқиқотчилар коронавируснинг ранги ва шакли қандай эканлигини аниқлагани маълум қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: