12:47 | 25.02.21

                       

Ўзбекистон иқтисодиёти қанчалик эркин? — таҳлил

Ўзбекистон иқтисодиёти халқаро экспертлар томонидан қанчалик эркин дея баҳоланаётгани билан қуйида танишинг

26 йилдан буён АҚШнинг «Heritage.org» таҳлилий портали дунё мамлакатларидаги Иқтисодий эркинлик индексини аниқлаб келади. Бу индекс нималарга асосланади ва қай даражада ишончли? Асосийси, Ўзбекистон иқтисодиёти халқаро экспертлар томонидан қанчалик эркин дея баҳоланмоқда? Бу ҳақда ёш иқтисодиётчи, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси Эъзоза Холмуродова сўз юритади.

Иқтисодий эркинлик индекси иқтисодиёт давлатдан қанчалик ҳуқуқий ва молиявий эркинлигини кўрсатувчи 100 баллик шкалада ўлчанади. Қанча юқориласа, мамлакатда эркинлик даражаси шунча ортган ҳисобланади. Юқори индексга эга давлатларга Сингапур, Янги Зеландия, Швеция, Норвегия, Канада кабилар мисол бўлса, индекси паст давлатлар Шимолий Корея, Куба, Венесуэла кабилардир.

Индекс давлатлар ҳукуматлари ва халқаро ташкилотлар томонидан эълон қилинадиган очиқ маълумотлар асосида қуйидаги келтирилган 12 та кўрсаткичнинг ўртача қиймати миқдорида ҳисобланади:

1. Мулк ҳуқуқи – жисмоний шахсларнинг хусусий мулкни сотиб олиш, эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқининг ҳукумат томонидан қанчалик таъминлангани;

2. Суд фаолиятининг самарадорлиги – фуқароларнинг судлар томонидан ҳар қандай давлат органлари ёки хусусий тарафларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан ҳимоя қилиниш даражаси;

3. Давлатнинг яхлитлиги – давлат органлари фаолиятининг коррупцион ҳолатлардан холилик даражаси;

4. Солиқ юки – ҳукумат юклаган солиқ ўлчови, яъни ялпи ички маҳсулотда шахсий ва корпоратив даромад солиғи ставкалари ва солиқларнинг умумий даражасининг улуши;

5. Давлат харажатлари – давлат харажатлари, хусусан, истеъмол ва трансфертларнинг ялпи ички маҳсулотда намоён бўлиши;

6. Фискал сиёсат – давлат бюджети қандай бошқарилишининг дефицитлар ва қарз юкида намоён бўлиш кўрсаткичи;

7. Тадбиркорлик эркинлиги – тадбиркорликнинг самарали фаолият юритишида чекловларнинг бартараф этилиш даражаси;

8. Меҳнат эркинлиги – меҳнат бозорида бандлик имкониятлари кўрсаткичи, хусусан, энг кам иш ҳақи, иш соатлари ва бошқа миқдорларни ҳисобга олувчи мезон;

9. Пул-кредит эркинлиги – давлатнинг нарх устидан назорати баҳоланиши ва инфляция даражасининг таъсири;

10. Савдо эркинлиги – товар ва хизматлар импорти ва экспортига таъсир қилувчи тариф ва нотариф тўсиқларнинг бартараф этилиш даражаси;

11. Инвестиция эркинлиги – жисмоний шахслар ва фирмалар ўз ресурсларини мамлакат ичкарисида ва ташқарисида жалб этишда қанчалик рухсат берилиши;

12. Молиявий эркинлик – банк самарадорлиги, давлатдан молиявий секторнинг мустақиллиги ўлчови.

Манба: Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирлиги

2020 йилда Ўзбекистон 57,2 балл билан 180 мамлакат ичида 114-ўринни, Осиё-Тинч океани минтақасида эса 26-ўринни эгаллади. Мамлакат 2020 йилга қараганда 3,9 балл юқорилади. Бунга сабаб инвестиция эркинлиги, молиявий эркинлик ва шахсий мулк дахлсизлиги кўрсаткичлари ўсиши бўлди.

Демак, Ўзбекистонда, жуда катта бўлмаса-да, иқтисодий ўсиш бўлди ва бу халқаро индексларда акс этди.

Манба: «Heritage.org»

Иқтисодий эркинлик даражасининг Ўзбекистон шароитини таҳлил қилар эканмиз, сўнгги тўрт йиллик натижаларда сезиларли даражада (11,2 фоиз) ошиб бориш суръатларини кўриш мумкин.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг бу ҳақдаги фикрини сўраганимизда у индекснинг аҳамиятини қуйидагича тушунтирди: «Иқтисодий эркинлик индекси мамлакатларни, хусусан, Ўзбекистонни уларда яшовчи инсонларнинг ўз иқтисодий ҳаётларини қуриш учун тўсиқлар ва чегараларнинг даражасини таққослашда ёрдам беради».

Бу, аввало, экспертлар учун яхши инструментдир: мамлакатларнинг иқтисодиётига баҳо беришга ёрдам беради. Лекин экспертларнинг муносабати корпорацияларнинг, бошқа давлатларнинг, умуман, инвесторларнинг ҳам фикрига таъсир ўтказишини инобатга олсак, иқтисодий индексларнинг аҳамияти қай даражада муҳимлиги кўринади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: