18:41 | 26.12.23
Шунингдек, бир нечта футбол номинацияларида ғолиблар аниқланди.
Бугун, 26 декабр куни Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдаги ҳисобот Конгресси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ассоциация матбуот хизмати хабар берди.
Конгрессда «Йилнинг энг яхши ёш футболчиси», « Йилнинг энг яхши мураббийи», «Йилнинг энг яхши аёл футболчиси» ҳамда «Йилнинг энг яхши футболчиси» номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди. Жумладан:
«Йилнинг энг яхши ёш футболчиси» совринига 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги соҳиби, ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати иштирокчиси, Ўзбекистон U-20, U-23 ва миллий терма жамоаларида ўйнаб келаётган Абдуқодир Ҳусанов лойиқ деб топилди.
Ўзбекистонда бўлиб ўтган U-20 Осиё кубогида ғолибликни қўлга киритган жамоа мураббийи Равшан Ҳайдаров «Йилнинг энг яхши мураббийи» совринига эга чиқди.
«Йилнинг энг яхши футболчиси» совринига 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги соҳиби, ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати иштирокчиси, Ўзбекистон U-20, U-23 ва миллий терма жамоаларида тўп суриб келаётган Аббосбек Файзуллаев лойиқ деб топилди.
«Йилнинг энг яхши аёл футболчиси» соврини билан эса Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ҳамда «Севинч» клуби етакчиси Людмила Карачик тақдирланди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Осиё футбол кофедерацияси томонидан 2023 йилнинг «Энг яхши ассоциацияси» деб топилди. Шунингдек, Ўзбекистондаги спорт ташкилотлари орасида эса «Йилнинг энг яхши спорт федерацияси» дея эътироф этилди. Шу муносабат билан ушбу совринлар ЎФА президенти Абдусалом Азизовга топширилди.
Маълумот учун, Россиянинг СSКА клуби аъзоси Аббосбек Файзуллаев ушбу соврин учун «Навбаҳор» клубининг собиқ аъзоси Остон Ўрунов ва Франциянинг «Ланс» клуби аъзоси Абдуқодир Ҳусановни ортда қолдирди. Файзуллаев миллий терма жамоа сафида жами тўртта ўйинда майдонга тушиб, битта гол урди. 20 ёшли футболчининг қиймати ҳозирда тўрт миллион еврога баҳоланмоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: