13:21 | 09.01.24

                       

«Абу Сахий» бозори собиқ раҳбари Давронбек Алимбековнинг қизи ва невараси ўғирлаб кетилган

Алимбеков Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг куёви Темур Тиллаевнинг ҳамкори ҳам ҳисобланади. Ундан оила аъзоларини қўйиб юбориш учун 10 млн доллар талаб қилингани маълум бўлди.

Номаълум шахслар томонидан «Абу Сахий» бозорининг собиқ раҳбарининг қизи ўғирланиши: ўйинчоқ қурол, шахсий ҳайдовчи ва 10 миллион доллар

Bugun.uz маълумотларига кўра, «Абу Сахий» бозорининг собиқ раҳбари, ҳозирда Буюк Британияда яшаб келаётган Давронбек Алимбековдан пул ундириш мақсадида бир нечта шахслар унинг Ўзбекистондаги оила аъзоларини ўғирлаб, эвазига пул талаб қилишни режалаштирган.

2023 йилнинг 9 март куни эрталаб унинг қизи М.О фарзандини боғчага олиб кетаётганида уларнинг йўлини тўсиб, сохта қурол билан қўрқитиб олиб қочишган. Ушбу шахслар ижарага олинган машинадан ўғирланган рақам тақиб фойдаланишган.

Шунингдек, жабрланувчиларнинг қимматбаҳо, хусусан, 250 миллион сўмга яқин буюмлари олиб қўйилган. Жабрланувчиларнинг манзиллари ва бошқа маълумотлар уларнинг шахсий ҳайдовчиси Ж.М томонидан берилгани аниқланган.

М.О ва унинг фарзанди И.М сақлаб туриш учун олдиндан банд қилинган ижара уйига олиб кетилган ва уларнинг машинаси излардан тозаланиб, Яшнобод туманидаги 145-сонли автосарой ҳудудида қолдириб кетилган. Шундан сўнг, ушбу шахслар Давронбек Алимбековнинг ёрдамчисига боғланиб, жабрланувчиларнинг Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилганини билдириб, кўрсатилган криптоҳамёнга маълум вақт ичида 10 миллион АҚШ доллори миқдоридаги пулларни ўтказишини талаб қилган.

Бироқ, олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлар натижасида ушбу шахслар қўлга олиниб, жабрланувчилар уйига қайтарилган.

Алимбековнинг қизини ўғирлашда тўққиз киши қатнашган. Жиноят бўйича тафсилотлар

Аниқланишича, мазкур жиноят ҳаракатларини амалга оширишда иштирок этган Ўзбекистондаги уюшган жиноий гуруҳ аъзоларининг ҳар бирига маълум вазифалар юклатилган бўлиб, бир нечтасига ўғирланиши лозим бўлган шахслар ҳақида, хусусан, манзил ва вақти тўғрисидаги маълумотларни йиғиш юклатилган бўлса, бошқалар керакли жиҳоз, автомобиль, авто рақам ва ижара уйларни топган.

Шунингдек, Қозоғистондан Ўзбекистонга ўтиб келган уларнинг жиноий шериклари ҳудудни ўрганиш, жабрланувчиларни ушлаб туриш, руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказиш ҳамда вазият бўйича Америкадаги «Роха» лақабли шахсга маълумот етказиб туриш билан шуғулланган. Ҳаракатларда бевосита қатнашиш эвазига катта миқдордаги пул ваъда қилинган.

Қўлга олинганларнинг иқрорлари ва 18 йилгача қамоқ

Қўлга олинган шахсларнинг тергов жараёнларида берган кўрсатмаларида уларнинг бир нечтаси ваъда қилинган катта миқдордаги пул учун ушбу ҳаракатни содир этганликларини билдирган бўлса, айримлар Давронбек Алимбековда шахсий адовати борлигини маълум қилган.

Жумладан, ҳайдовчи Ж.М бошлиғи унга нисбатан доимий қўпол ва адолатсиз муносабатда бўлиб келганлиги учун ҳам шу ишга қўл урганлигини билдирган. М.И нинг айтишича, 2022 йилда унга Давронбек Алимбеков Ўзбекистонга Туркиядан маҳсулотлар олиб киришига «Абу Сахий»нинг норасмий раҳбари «Ҳожи Уйғур» лақабли шахс тўсқинлик қилаётганини айтиб, «уни йўқотиш» учун одам топишни, эвазига 1 миллион АҚШ доллари беришни ваъда қилган.

Бироқ, М.И бир нечта чечен миллатига мансуб шундай одамларни топганида Давронбек Алимбеков алоқани узиб, телефонларига жавоб бермай қўйган. Ёлланиши кутилган шахслар эса уни сиқувга олган ва овора қилгани учун оила аъзолари билан унга таҳдид қилган.

Шунингдек, қўлга олинган шахслардан яна бири Б.Б катта пул эвазига Қозоғистондан мана шу иш учун келганини, бироқ белгиланган вақтда унга ҳам ваъда қилинган пул маблағлари берилмагани учун жабрланувчиларни ўзи такси буюриб, уйига қўйиб юборганини билдириб кўрсатма берган.

Мазкур ҳолат юзасидан бўлиб ўтган суд ҳукмига кўра, иш бўйича 9 киши бир қанча моддалар билан айбли деб топилиб, уларга нисбатан 8 йилдан 18 йилгача муддатда узоқ йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: