18:13 | 25.07.24
Фарғонада ака-ука қоидабузарлик учун жарима ёзган ЙПХ инспекторининг телефонини синдириб, погонини юлиб олди. Суд уларни қамашни рад этган.
Фарғонада икки ака-ука 30 апрель куни ЙПХ инспектори жарима ёзгани учун телефонини синдириб, погонини юлиб олгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Маълум бўлишича, соат 12:00 атрофида йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспектори Учкуприк-Янгиқурғон йўналишида Malibu’ни тўхтатган.
Ҳайдовчи У.Ф. узуқсиз чизиқни босгани, камар тақмагани ва тонировка учун рухсатнома олмагани аниқланган.
Инспектор камар ва узуқсиз чизиқ бўйича қоидабузарликка оғзаки огоҳлантириш билан чекланиб, тонировка рухсатномаси йўқлиги учун жарима ёза бошлаган. Шунда ҳайдовчи ИПХ раҳбари Э.З.га қўнғироқ қилиб, орага тушишни сўраган. ИПХ раҳбари Э.З. инспеcтор билан гаплашиб, вазиятга аралашолмаслигини билдирган.
Шундан сўнг ҳайдовчи акаси У.Б.ни қўнғироқ қилиб чақирган. Ака беш дақиқа ичида Lacetti’да воқеа жойига етиб келган. Ака-ука биргалашиб, инспекторнинг қўлидаги жарима баённомасин тортиб олиб йиртишган, инспекторнинг телефонини синдиришган.
Шунингдек, улар инспекторнинг погонини юлиб олишган.
Бувайда туман суди У.Б.га 3 йил, У.Ф.га 2 йил 10 ой 13 кун озодликни чеклаш жазоси тайинлаган. Ака-укалар шу муддат мобайнида кечки пайт уйдан чиқиши тақиқланган.
Фарғона вилоят судлари маълум қилишича, 2024 йил 27 июнь куни Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми, 227-моддаси 1-қисми билан айбланган Фарҳоджон ва Бунёдбек Усивалиевларга оид жиноят иши кўриб чиқилган.
«Суд судланувчилар муқаддам судланмаганлигини, айбига тўлиқ иқрор, пушаймонлигини, ҳар икки судланувчининг оилавий шароитини, ҳар иккисининг қарамоғида 3 нафардан вояга етмаган фарзанди борлигини, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги ва енгиллик бериш ҳақидаги фикрларини инобатга олган. Шунингдек, суд томонидан жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқланмаганлиги, мазкур жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси эътиборга олиниб, ҳар икки судланувчига нисбатан қонун санкциясида белгиланган доирада (3 йилдан) озодликни чеклаш жазоси тайинланган», дейилади хабарда.
Суд ҳукми устидан тарафлар томонидан шикоят ёки прокурор томонидан протест келтирилмаган. Ҳукм 2024 йил 11 июлдан қонуний кучга кирган ва судланувчиларнинг яшаш жойидаги ИИБга жазони ижро қилиш учун юборилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: