22:26 | 07.12.23

                       

Андижонда қалбаки, сифати кафолатланмаган дориларнинг савдо занжири аниқланди – видео

Бир нечта шахслар қалбаки дориларни тайёрлаб, келгусида сотиш учун туғуруқхоналар, шифохоналар ва хусусий клиникаларга етказиб беришган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Божхона бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда сифати кафолатланмаган ҳамда қалбаки тиббиёт дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Олтинкўл туманида яшовчи, 1987 й.т. фуқаро бошқарувидаги «BYD» русумли автомашина Андижон шаҳридаги «Янгибозор» савдо мажмуаси олдида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида тегишли ҳужжатлари бўлмаган 171 қути «Ферроуз» номли дори воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахснинг яшаш хонадонида жами 5 593 қутида 8 хил турдаги қалбаки дори воситалари ва уларни қадоқлашда фойдаланиладиган бўш қутилар, турли хилдаги дори воситаларининг йўриқнома ва ёрлиқлари борлиги маълум бўлган.

Шунингдек, мазкур ноқонуний ишга алоқадор бўлган 3 нафар фуқаронинг яшаш хонадонлари ҳамда уларга тегишли бўлган манзилларда ҳам кўп миқдордаги қалбаки дори воситалари борлиги аниқланган. Олиб борилган тезкор-тинтув тадбирлари натижасида умумий қиймати 700 миллион сўмдан ортиқ бўлган, жами 14 турдаги 10 686 дона дори воситалари тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Мазкур шахслар ўзаро келишган ҳолда яшаш хонадонларида қалбаки дори воситаларини тайёрлаб, келгусида сотиш мақсадида Андижон шаҳридаги туғуруқхоналар, шифохоналар, хусусий клиникалар ҳамда Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрига етказиб беришган.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 5 000 қутидан ортиқ қалбаки дори воситалари қайтариб олиниб, аҳоли орасида тарқалишининг олди олинган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: