13:12 | 14.03.23
Сайфулло Сойипов умрининг қолган қисмини Колорадодаги максимал даражада қатъий режимдаги қамоқхонада ўтказади
АҚШ федерал суди томонидан 13 март куни ўзбекистонлик Сайфулло Сойипов умрбод озодликдан маҳрум қилинди. Сайфулло Сойипов Ню-Йорк шаҳрида 2017 йил 31 октябр куни теракт уюштириб, 8 кишини ўлдирганликда айбдор деб топилган. Сайфулло Сойипов умрининг қолган қисмини Колорадо штатидаги максимал даражада қатъий режимдаги ADX Florence федерал қамоқхонасида ўтказади. Маълумот учун, Бостон марафонида 2013 йил апрелда портлашлар уюштиришда айбланиб, ўлимга ҳукм қилинган Жоҳар Царнаев ҳам шу қамоқхонада сақланмоқда.
Соипов 2017 йил 31 октябрида кичик юк машинаси (Pickup)ни ижарага олиб, машинада ва велосипедчилар ҳаракатланадиган йўлакка бостириб киради. Ушбу ҳужум оқибатида саккиз киши қурбон бўлади, 12 нафар одам жароҳат олади. Сойипов полициячилар томонидан ўққа тутилиб, яраланади ва қўлга олинади. АҚШ расмийлари ҳужумни теракт деб баҳолайди. Теракт 2001 йил 11 сентябр хуружлари қурбонлари хотирасига бағишланган ёдгорликдан бир неча юз метр масофада содир бўлган.
Сойипов ИШИД номидан ҳаракатланганини тан олиб, ўзини ушбу гуруҳ «аскари» деб атайди (у АҚШга кетгунига қадар Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка тортилмаган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эътиборига тушмаган).
Сайфулла Сойипов 1988 йил 8 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. 2005 йилда касб-ҳунар коллежини тамомлаган, 2005−2009 йилларда Тошкент молия институтида таълим олган. ОТМни тамомлаганидан сўнг пойтахтдаги «Саёҳат» меҳмонхонасида ҳисобчи бўлиб ишлаган. АҚШга 2010 йилда грин-карт орқали борган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: