19:21 | 13.07.24
АҚШда тергов ходимларига ёлғон маълумот берган ўзбекистонлик эркак қамалди.
АҚШда ҳуқуқ-тартибот идораларига ёлғон маълумот беришда айбланган ўзбекистонлик бир ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бу ҳақда Коннектикут штатидаги АҚШ адвокатлик идораси ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, 37 ёшли Ўзбекистон фуқароси Сиддиқжон Мамажоновга нисбатан Ню-Хейвендаги округ судьяси Виктор А. Болден томонидан ҳукм чиқарилган. Мамажонов федерал ҳуқуқ-тартибот идораларига ёлғон баёнот берганликда айбдор деб топилган.
Айбланувчи жазо муддатини аллақачон ўтаб чиққан. Суд ҳайъатининг умумий берган хулосаси ва буйруғига мутаносиб равишда Мамажонов яна бир йил давомида кузатув ва назорат остида бўлади.
АҚШ прокурори Ванесса Робертс Авери, Адлия департаментининг Миллий хавфсизлик бўлимидан Бош прокурор ёрдамчиси Метью Олсен, Федерал тергов бюросининг Нью-Хейвен бўлими масъул махсус агенти Роберт Фуллер ва ички хавфсизлик бўйича тергов махсус агент Майкл Крол ушбу хабарни тасдиқлаган ва суднинг чиқарган ҳукмини қўллаб-қувватлаган.
Суд жараёнида тақдим этилган далилларга кўра, Мамаджонов 2009 йил февраль ойида АҚШга кўчиб келган, Коннектикут штатининг Ню-Британия шаҳрида яшаган ва 2010 йил сентябрида қонуний тартибда доимий резидент бўлган.
2013 йилнинг 27 майида Мамаджонов АҚШдан Туркиянинг Истанбул шаҳрига жўнаб кетган. Шу сафари давомида у акаси Саиджон Мамаджонов Суриядаги фуқаролар урушида қатнашиб ҳалок бўлганини билиб қолган. Сиддиқжон Мамаджонов 2013 йил 11 июнь куни АҚШга қайтиб келган. Июль ойи бошида у ичида iPhone 4 мобил телефони бўлган DHL пакетини қабул қилган. Телефонда Саиджон Мамажоновнинг Суриядаги фаолияти акс этган бир қанча видео ва фотосуратлар, жумладан, унинг ҳарбий кийимда қурол тозалаётгани ва ўлими акс этган видеолар бўлган.
2014 йилда АҚШ махсус агентлари билан учта интервью давомида Мамажонов 2013 йилда Туркияга қилган сафари ва акаси ҳақидаги саволларга жавоб берган. Мамажонов бир неча бор ёлғон баёнотлар бериб, укаси Туркия ёки Дубайда яшаётгани, 2013 йилда Туркияда бўлганида акаси билан учрашгани, сафардан қайтганидан сўнг акаси унга жўнатма жўнатгани ҳақида ёлғон маълумотлар тақдим этган.
2016 йил август ойидаги терговда ҳам айбланувчи акасидан жўнатма олганини, Саиджоннинг қаердалигини билмаслигини, АҚШдаги ўзбекистонликларнинг Сурияга жанг қилиш учун кетаётгани ҳақидаги гап-сўзларни эшитмаганлигини ва бундан бехабарлигини айтган.
Сиддиқжон Мамажонов 2017 йилнинг 22 декабрида ҳибсга олинган. 2023 йил 7 март куни судьялар ҳайъати Мамажоновни ҳуқуқ-тартибот идораларига ёлғон баёнот берганликда айбдор деб топган.
2024 йилнинг 10 июлида чиққан баёнот эса Сиддиқжон Мамажоновга расмий ҳукм чиқарган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: