17:45 | 11.01.24
Ижтимоий тармоқларда сувни тежаш мақсадида бетонланиши буюрилган ариқлар жойлардаги сув хўжалиги масъуллари томонидан дарахтлар билан бирга бетонлаб юборилаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.
Экология вазирлиги ариқларга қўшиб дарахтларни бетонлаш ҳолатлари рўй берган тақдирда, уларга сабаб бўлган пудратчиларга ҳам, масъулларга нисбатан ҳам амалий чоралар кўрилишини маълум қилди.
Таъкидлаш лозимки, айни дамда масъуллар томонидан дарахтларнинг бетонланиши юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Жиззах вилоятининг Фориш тумани, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани, Навоий ва Наманган вилоятларида хам дарахтлар бетонлардан тозаланган.
Сирдарё вилоятида олиб борилган ўрганиш ишлари давомида Гулистон тумани «Ишонч» СИУ ҳудудида ариқларни бетонлаштириш учун дарахтларни кесиш юзасидан мурожаат қилинган. Сирдарё вилояти Экология бошқармаси эса дарахтларни кесишга рухсат бермаган. Бугунги кунда ушбу манзарали дарахтлар ўсишдан тўхтамаган ва уларга ҳеч қандай шикаст етказилмаган.
Аммо бошқа бир ҳудудда дарахтлар рухсатсиз кесилган. Яъни Гулистон шаҳри ва Мирзаобод тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи канал ва ариқларни бетонлаштирилиш жараёнида 20 тупдан ортиқ дарахт илдизи билан қўпориб ташланган. Натижада табиатга 232 миллион 560 минг сўм миқдорида зарар етказилган. Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш мақсадида вилоят прокуратурасига юборилган. Ҳозирда ҳолат бўйича тегишли тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Қолган ҳудудларда ҳам ўрганиш ишлари давом эттирилиб, дарахтлар бетон қопламалардан тозаланмоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: