17:48 | 26.11.23

                       

Қашқадарёда жинсий қулликда сақланган қиз бўйича қўшимча маълумот берилди

14 ёшли қиз етти ой давомида мажбуран сақланиб, турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлангани айтилганди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида 14 ёшли қиз етти ой давомида мажбуран сақланиб, турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келингани бўйича тезкор ўрганишлар олиб борилганини маълум қилди.

Аниқланишича, вояга етмаган Т.Ч. Қашқадарё вилояти Китоб туманида яшовчи отаси Ғ.Ж.нинг қарамоғида бўлган, онаси Х.С. 2023 йил январ ойида Россия Федерациясига ишлаш учун кетган ва бугунги кунгача яшаш манзилига қайтиб келмаган.

14 ёшли Т.Ч.нинг тоғаси жиянини Шаҳрисабз туманида яшовчи фуқаро Н.А. шу йилнинг май ойидан ўзининг уйида 7 ой давомида мажбуран сақлаб келиб, зўрлик ва таҳдид орқали турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келганини билдирган. Бу бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тегишли суриштирув ишларига киришилган.

Агентлик томонидан бугунги кунда психолог ва педагоглардан иборат ишчи гуруҳ вояга етмаган Т.Ч.нинг жисмоний ва руҳий саломатлигини тиклаш ҳамда мазкур ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари, уни бартараф этиш чоралари юзасидан «Ижтимоий иш» очилиб, ўрганишлар давом эттирилаётганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, ҳолат юзасидан фуқаро Н.А.га нисбатан Жиноят кодекснинг 135-моддаси 3-қисми «а» банди билан (Одам савдоси, вояга етмаган шахсга нисбатан) жиноят иши қўзғатилиб, тергов гуруҳи тузилган ва тезкор равишда тергов ҳаракатларига киришилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: