Мўйноқда Ажиниёз Қўсибой ўғли номидаги экопарк барпо этилади.
«Атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги Президент Қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланади.
Шоир таваллудининг 200 йиллигини нишонлаш ҳамда унинг ижодий меросини кенг тарғиб қилиш бўйича қуйидаги вазифаларни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастури тасдиқланади, жумладан:
- шоирнинг «Танланган асарлар» тўпламини ўзбек ва қорақалпоқ тилларида нашр қилиш;
- шоирнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган саҳна асарлари ҳамда «Ажиниёз» бадиий-публицистик фильмини яратиш ва уларнинг тақдимотларини уюштириш;
- Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида шоир музейини ташкил қилиш;
- Ажиниёз Қўсибой ўғлининг Мўйноқ туманидаги қабрини ободонлаштириш ва унга ёдгорлик ўрнатиш, мазкур туманда Ажиниёз Қўсибой ўғли номидаги экопарк барпо этиш;
- 2024 йилнинг ноябрь ойида Алишер Навоий номидаги ҳамда Бердақ номидаги давлат академик театрларида шоир таваллудининг 200 йиллигига бағишланган тантанали адабий-бадиий хотира кечаларини ташкил этиш.