0:51 | 17.01.24
Bugun.uz фуқаролар БААга бориш учун қандай тартибларни билиши кераклиги ҳақида маълумот беради.
2024 йилнинг 16 январ куни Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматлари ўртасида кириш виза талабларидан ўзаро озод этиш тўғрисидаги ҳамкорлик протоколи имзолади. Bugun.uz фуқаролар БААга бориш учун қандай тартибларни билиши лозимлиги ҳақида маълумот беради.
Виза
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хорижга чиқиш биометрик паспорти асосида хорижга чиқади.
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати ўртасида имзоланган кириш виза талабларидан ўзаро озод этиш тўғрисидаги ҳамкорлик баённомасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари:
учун камида олти ой давомида амалда бўлган биометрик турдаги фуқаролик паспорти (хорижга чиқиш учун), биометрик турдаги фуқаролик паспортига (Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун) эга бўлган фуқаролар виза талабларидан озод қилинади ва 30 кундан ошмаган муддатда қолишга рухсат берилади;
БАА ҳудудига 2024 йилнинг 16 феврал кунидан бошлаб 30 кундан ошмаган муддатга виза расмийлаштирмасдан кириши мумкин;
БААга 30 кундан ортиқ муддатга ўрнатилган тартибда виза расмийлаштирган ҳолда ташриф буюради;
БАА ҳудудида ишлаш, бирон-бир касб билан шуғулланиш ёки ўқишга БААнинг амалдаги миллий қонунлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ рухсат олиши лозим.
Валюта
Маҳаллий валюта – БАА дирхами (AED).
Маҳаллий валютани алмаштириш пунктларида харид қилиш имконияти мавжуд.
Маълумот учун: 2024 йилнинг 4 январ кундаги валюта курсларига мувофиқ, 1 АҚШ доллари 3,65 дирхамга тенг (курс сўнгги 20 йил давомида деярли ўзгармаган).
Бундан ташқари, халқаро тўлов тизимлар (Union Pay, Mastercard, VISA) ўрнатилган банк карталари орқали тўловни амалга ошириш имконияти мавжуд.
Маҳаллий вақт
Бирлашган Араб Амирликлари вақти (GMT+4) Ўзбекистон Республикасидаги вақтдан 1 соат орқада.
Аэропорт қоидалари
БАА ҳудудига илк бор кириб, паспорт назоратидан ўтиш вақтида паспорт тақдим этилгандан сўнг, кўз пардаси ва бармоқ излари сканерланади ҳамда доимий маълумотлар базасида сақланади.
Маълумот учун: жараён оғриқсиз ўтказилади ва биометрик ҳимоя қилиш учун қўлланади.
Такси хизматлари.
БАА ҳудудида такси хизматлари ҳисоблагичнинг кўрсаткичлари асосида нарх белгиланади.
Маълумот учун: Абу Даби ва Дубайда таксида юришнинг минимал нархи – 12 дирҳам, Шаржада 13 дирҳам, учала шаҳарда 1 соат кутиш вақти 30 дирҳам. Абу Дабида ҳар километр учун 1,8 дирҳам, Дубай ва Шаржада 2,8 дирҳам тўланади.
Солиқлар.
– Бирлашган Араб Амирликларида барча товар ва хизматлар учун тўловлар нархидан 5 фоиз қўшилган қиймат солиғи ундирилади;
– Бирлашган Араб Амирликларига туризм мақсадида ташриф буюрган туристлардан меҳмонхона хизматларининг нархидан 4 фоиз туристик солиғи ундирилади, солиқлар меҳмонхона нархига қўшилган тарзда тақдим этилади;
БАА бўйлаб хорижий давлатлар фуқаролари учун Tax free тизими жорий этилган. 2022 йилнинг 14 сентябрда ушбу тизим тўлиқ рақамлаштирилган ва барча аэропортларда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш киоскларида фуқаролар қилинган харид учун электрон харид чеклари орқали ҚҚСни қайтиб олишлари мумкин.
Тил
Бирлашган Араб Амирликлари давлат тили – араб тили.
Бироқ, БААда доимий яшовчи хориж фуқароларининг умумий аҳоли сонидаги улуши 88 фоизни ташкил қилгани ва туристлар учун шароит яратиш мақсадида оммавий объектлардаги кўрсаткичлар ҳамда йўл ва бошқа белгилар араб ва инглиз тилларида. Мулоқотда урду, ҳинд ва форс тиллари ҳам кенг тарқалган.
Тақиқлар ва тавсиялар
Алкоголизмни тарғиб қилиш
Мамлакатда алкоголли ичимликларни жамоат жойларида истеъмол қилиш ва маст бўлиш билан боғлиқ қатъий чекловлар мавжуд. Ресторан, кафе, меҳмонхоналар ёки хонадонларда спиртли ичимликлар ичиш мумкин.
Шаржа амирлигида спиртли ичимликлар билан боғлиқ чекловлар қатъий назорат қилинади. Шаржада жамоат транспортида спиртли ичимликларни олиб юриш ҳам тақиқланади. Қоидабузарлар олти ойгача қамоқ жазосига ёки 2000 дирҳам (545 доллар) миқдорида жаримага тортилади.
Маҳаллий аҳолини суратга олиш
Амирликлар қонунчилиги одамларни уларнинг розилигисиз суратга олишни тақиқлайди. Шу сабабли, сайёҳлар маҳаллий аҳолини камерага ёзиб олишга ҳаракат қилишда эҳтиёт бўлишлари керак. Суратга олишдан олдин, агар улар бунга қарши бўлмасалар, аниқлаб олиш яхшироқ.
Қоида одамлар гавжум жойларда, диққатга сазовор масканларни суратга олишда қўлланилмайди. Аммо бошқа ҳолларда йирик миқдорда жарима тўланишига, қонунни қўпол равишда бузганлик учун эса етти йилгача маҳаллий қамоқхонага равона бўлиш мумкин.
Жамоат жойларида эркак ва аёллар ўзларини тутиши
Бу борада қатъий чекловлар БААнинг барча Амирликларида қўлланилади. Жуфтликларнинг жамоат жойларида ҳаддан зиёд яқин бўлиши ва турли ҳаракатлар қилиши юқоридаги каби жарима ёки қамоқ жазосига олиб келади.
Туристларга бўлган муносабат туфайли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ушбу масала бўйича сайёҳларга муносабати енгил кўрилади. Сўнгги йилларда хориж фуқароси бўлган ҳуқуқбузарларга шунчаки танбеҳ берилмоқда. Бироқ мавжуд жазо чоралари амалда қолмоқда.
Бир жинсли шахсларнинг ўзаро муносабатга киришиши БАА қонунчилигига кўра оммавий калтаклашдан тортиб, қамоққа олиш ёки ўлим жазосигача жазоланиши мумкин. Бу борада қонунбузарлар миллатидан ва жиноят содир этилган жойдан (жамоат жойи, меҳмонхона, хусусий турар жой) қатъий назар жазоланади.
Қарама-қарши жинс вакиллари кийимларини кийиш, тақинчоқ ва бошқа буюмларидан фойдаланиш йирик миқдорда жарима ёки қамоқ жазосига сабаб бўлади.
Жамоат жойларида сайёҳларнинг кўриниши
БАА қонунчилиги шариатга асосланишидан келиб чиқиб, жамоат жойларида ҳаддан ташқари очиқ ва тор кийимлар киймаслик бўйича қатъий талаблар мавжуд. Бироқ, ҳозирда кийиниш қоидаларини бузганларга жиддий жазо қўлланилмайди. Фақат масжидга ташриф буюрувчиларнинг ташқи кўринишига қўйиладиган талабларга қатъий риоя қилинади.
Жамоат транспортидаги айрим қоидалар
Дубай метросидаги пушти рангдаги вагонлар фақат аёллар ва 12 ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган, эркаклар чиқиши ман этилади.
Жамоат транспортида овқатланиш қатъиян ман этилади, қоида ҳатто сақич учун ҳам амал қилади.
Ногиронлар ва ҳомиладор аёллар учун мўлжалланган жойларни эгаллаш тақиқланади, ҳатто улар яқин атрофда бўлмаса ҳам.
Учала ҳолатдаги тақиқларни бузганлар учун 100 дирҳам (27 доллар) миқдорида жарима қўлланилади.
Рамазондаги айрим жиҳатлар
Рамазон даврида жамоат жойларида кундузи овқатланиш ва сув ичиш қонунчилик даражасида тақиқланган. Тақиқни бузганлар бир ой қамоқхонага тушиши ёки 1000 дирҳам (272 доллар) жаримага тортилиши мумкин.
Шунингдек, бу даврда жамоат жойларида фуқароларнинг ташқи кўриниши ва ҳатти-ҳаракатларига қўйилган талаблар (баланд овозда гапириш ёки кулиш, қасам ичиш) кучайтирилади. Ўз навбатида, бу даврда турар жой нархлари арзонлашади, турли чегирмалар жорий этилади.
Бошқа дин вакилларининг диний эътиқодларини ҳақоратлаш жазоланади. Ҳар қандай динни танқид қиладиган рамзлар билан кийим кийиш тақиқланади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: